Беш йиллик фаолият сарҳисоб қилинди
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Андижон вилояти Кенгашининг IX конференцияси бўлиб ўтди.
Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раисининг ўринбосари Анваржон Абдумухторов ҳамда жойлардан сайланган 122 нафар делегат иштирок этган конференцияда кенгашнинг ўтган беш йил давомидаги фаолияти сарҳисоб қилинди.
Дастлаб Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Андижон вилоят кенгаши раиси Абдужаббор Эгамбердиевнинг “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Андижон вилоят кенгашининг 2020 йил июлдан 2025 йил июлгача бўлган даврдаги фаолияти якунлари ва навбатдаги вазифалар”га бағишланган ҳисобот маърузаси тингланди.
Маърузада ўтган давр мобайнида соҳани ривожлантириш, кенгаш ишини такомиллаштириш ва янада юқори босқичга кўтаришга қаратилган қатор ишлар амалга оширилганлиги таъкидланди. Хусусан, айни кунда вилоятда 2 минг 779 та бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари мавжуд бўлиб, улар ўз сафларига 429 минг 696 нафар касаба уюшма аъзоларини бирлаштирган. Ҳисобот даврида ҳудудда соҳани ташкилий жиҳатдан мустаҳкамлаш, тузилма ва кадрлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш борасида самарали ишлар амалга оширилди. Яъни касаба уюшма фаолларини ўқувлар билан кенгроқ қамраб олиш мақсадида бевосита вилоят ҳудудий кенгашида 1 минг 980 нафар ҳамда масофавий таълим тизими орқали 660 нафар бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раисларининг малакаси оширилди.
[gallery-24250]
Беш йил давомида вилоят бўйича 956 та бошланғич ташкилот тузилиб, уларда ишловчи 203 минг 968 нафар ходимлар касаба уюшма аъзолигига қабул қилинди.
Меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида, қонун талаблари доирасида кўриш, ҳал этиш борасида ҳам муайян ишлар олиб борилди.
Ҳисобот даврида ҳудудий кенгашга жами 513 та ёзма, оғзаки, ишонч телефони, электрон мурожаатлар келиб тушган. Уларнинг барчаси қонунда белгиланган тартиб ва муддатларда ўрганилиб чиқилди. Мурожаатларга асосан касаба уюшмаларининг аралашуви билан 155 нафар фуқаронинг бузилган меҳнатга оид ҳуқуқлари тикланди, мажбурий прогул вақтлари учун 547 миллион 238 минг 757 сўм ҳақлари ундириб берилди.
Ҳисобот даврида вилоятдаги касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан 218 та корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат муҳофазаси йўналишида амалга оширилган ишлар юзасидан Меҳнатни муҳофаза қилиш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалаларида олиб борилган назорат-профилактик ишлар, ўрганишлар давомида 631 та қонунбузилиш ҳолати аниқланган. Ана шу қонунбузилиш, хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан иш берувчиларга 125 та таклиф ва тақдимномалар киритилган.
Корхона, ташкилот ва муассасаларда тузилган жамоа шартномаларига илова қилинган “Меҳнатни муҳофаза қилиш битим”ларида белгиланган 73 минг 292 та тадбир ўтказилиб, белгиланган вазифалар ижроси таъминланди. Ана шу тадбирларни амалга ошириш учун иш берувчилар томонидан ажратилган 70 миллиард 783 миллион 117 минг сўм маблағ мақсадли сарфланди.
Вилоятдаги касаба уюшма ташкилоти тузилган корхона ва ташкилотларда 63 та бахтсиз ҳодиса рўй берган. Бунинг натижасида 13 нафар ходим енгил, 43 нафар ходим оғир тан жароҳатлари олган, 26 нафар ходим вафот этган. Ана шу ҳолатларнинг ҳар бири бўйича ўрганиш ва муҳокамалар ўтказилган. Бахтсиз ҳодисаларнинг содир бўлишига олиб келган омилларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўрилган.
Вилоят Кенгашининг йил дастурлари ижроси доирасида 2020-2025 йилларда болалар соғломлаштириш оромгоҳларида 42 минг нафардан зиёд болалар дам олди.Шу жумладан, кам таъминланган, кўп болали оилалар фарзанди ҳамда меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиси бўлган 6 минг 404 нафар бола бепул соғломлаштирилди.
Тошкент шаҳри, шунингдек, Самарқанд, Бухоро, Хива сингари юртимизнинг тарихий шаҳарларига 12 минг нафардан зиёд ходимлар ва уларнинг оила аъзолари саёҳатларга юборилди, 160 минг нафардан зиёд касаба уюшма аъзолари Фарғона водийсининг хушманзара ва диққатга сазовор жойларида саёҳатда бўлди.
Турли давлат дастурлари доирасида жамоа шартномалари ва келишувлари иш берувчилар ва касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан кам таъминланган, боқувчисини йўқотган 28 минг 345 нафар ходимга амалий ва моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Касаба уюшмалари тасарруфидаги санаторийларда, даволаш муассасаларида жами 25 минг 750 нафар ишчи-хизматчи, касаба уюшмалари аъзолари ҳамда уларнинг яқин қариндошлари соғломлаштирилди.
Ҳисоботда айрим касаба уюшмалари ташкилотларида ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш, айниқса, маблағлар сарфини асословчи ҳужжатларнинг тўлиқ ҳамда тўғри расмийлаштириш борасида камчиликлар борлиги алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, конференцияда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Андижон вилоят Кенгаши тафтиш комиссиясининг ҳам ҳисоботи тингланди.
Шундан сўнг ҳисоботлар юзасидан муҳокамалар бўлиб ўтди.
Муҳокамаларда сўз олганлар томонидан ҳисоботлар хусусида ижобий фикрлар айтилди, шунингдек, соҳа ишини ривожлантириш, кенгаш фаолияти самарадорлигини янада ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Кенгашнинг беш йиллик фаолияти қониқарли баҳоланди.
Муҳокамалардан сўнг касаба уюшмалари Федерацияси вилоят кенгашига муқобиллик асосида янги раис сайланди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Андижон вилоят Кенгаши раиси лавозимига яширин овоз бериш йўли орқали кўп овоз олган Абдужаббор Эгамбердиев, шунингдек, Нодира Абдураҳмонова ҳамда Мансурбек Матисаев кенгаш раиси ўринбосарлари этиб сайланди.
Конференцияда белгиланган тартибда вилоят кенгаши, кенгаш ижроия қўмитаси, тегишли комиссиялар аъзолари ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг IX Қурултойига делегатлар ҳам сайланди.
Конференцияда келгуси беш йиллик фаолият учун мўлжалланган устувор йўналишлар ва муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари