Берлиндаги махфий архивда Ўзбекистон тарихига оид ноёб ҳужжатлар сақланмоқда
БЕРЛИН. Пруссия маданий мероси махфий давлат архиви (GStA PK)да Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистоннинг XIX–ХХ асрларга оид ноёб тарихий ҳужжатлари сақланмоқда.
Пруссия маданий мероси махфий давлат архиви (GStA PK)нинг тарихи бир неча асрларга бориб тақалади. 1598 йили Бранденбург шаҳзодаси (курфюрст) Иоганн Георг фармонига кўра, Берлин қасрида марказлашган «Махфий архив» ташкил этилган бўлиб, айнан ушбу сана муассасанинг тўлақонли архив сифатида иш бошлаган вақти ҳисобланади. 1803 йилда Пруссия қироллигидаги маъмурий ислоҳотлар натижасида муассасага расман «Махфий давлат архиви» номи берилиб, у давлатнинг бош тарихий ҳужжатлар марказига айлантирилган.
Архив аввал Берлин марказидаги Шаҳар саройида, 1874 йилдан Клостерштрассе кўчасида фаолият юритган.

1924 йилда фондлар сони ортиб боргани сабабли муассаса Берлиннинг Далем туманида махсус лойиҳа асосида қурилган янги бинога кўчирилган ва бугунги кунгача шу ерда жойлашган. 1963 йили ҳужжатлар коллекцияси Пруссия маданий мероси жамғармаси тасарруфига ўтказилгач, ҳозирги номини олган.
Ушбу архив XII асрдан бошлаб қарийб 35 000 погон метр ҳажмдаги (тахминан 1,5 миллиондан 2 миллионгача йиғмажилд ёки 300-350 миллион варақ) тарихий ҳужжатларни сақлайди. Марказий давлат аппаратига оид асосий ҳужжатларнинг даврий чегараси 1933–1934 йилларга тегишли бўлиб, шу даврдан кейинги манбалар Германия Федерал архивида сақланади. 1993-1994 йилларгача архивнинг катта қисми ГДР Марказий давлат архивида вақтинча сақлангани боис, ҳозирда ҳужжатларнинг тўртдан уч (3/4) қисми Берлиннинг Вестҳафен ҳудудидаги ташқи сақловхонада сақланади ва тадқиқотчиларга буюртма асосида тақдим этилади. 2024 йилда архивнинг Далем туманидаги фаолиятига 100 йил тўлиши муносабати билан «Махфий архивлар ҳам ёруғликни соғинади» номли катта тадбир ҳам ўтказилган.
Мазкур йирик архивда Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистоннинг XIX асрнинг иккинчи ярми – ХХ асрнинг биринчи ярмига оид ноёб ҳужжатлар сақланмоқда.

Ҳужжатларнинг асосий тили немис тили бўлса-да, таркибида усмонли туркча, рус ва форс тилидаги араб алифбосидаги манбалар ҳам мавжуд. Олиб борилган изланишлар давомида Пруссия қироллиги Ташқи ишлар вазирлигининг давлат котиби, дипломат Карл Ҳерман фон Тиленинг 1865 йилда Туркистонда юз берган сиёсий жараёнлар ва дипломатик муносабатлар билан боғлиқ муҳим ёзишмалари ҳамда расмий ҳисоботлари аниқланди.


(Немис дипломати Карл Ҳерман фон Тиленинг 1865 йилда Туркистонда юз берган сиёсий жараёнларга оид ёзма ҳисоботи)
Архивдаги яна бир қимматли манба — 1928–1929 йилларда Марказий Осиёга, жумладан, Ўзбекистон ССРга саёҳат қилган Веймар Республикасининг махфий маслаҳатчиси, таниқли сиёсатчи ва иқтисодчи Георг Клейновнинг шахсий фондидир. Немис фанини қўллаб-қувватлаш жамияти ва Германия ТИВ томонидан молиялаштирилган ушбу илмий сафар давомида Г. Клейнов Тошкент, Бухоро, Еттисув ва Олмаотагача борган. У ўз ҳисоботларида Турксиб темир йўли қурилишининг геосиёсий аҳамияти, чорвадор аҳолини ўтроқлаштириш, миллий-ҳудудий чегараланиш ҳамда ер-сув ислоҳотларини чуқур таҳлил қилиб, берлинлик мутасаддиларга тақдим этган.


(Веймар Республикасининг махфий маслаҳатчиси Георг Клейновнинг 1928-1929 йиллардаги Марказий Осиёга қилган сайёҳати ёзишмалари.)
Шунингдек, Веймар Республикаси маданият вазири, шарқшунос олим Карл Генрих Беккернинг шахсий фондида Туркистон тарихи учун бебаҳо бўлган бир қатор ҳужжатлар, жумладан 1922 йилда Германияга ўқишга юборилган тошкентлик талаба Вали Қаюмхон тақдирига оид архив хатлари сақланмоқда. Олимнинг ўғли доктор Вальтер Беккернинг 1933 йил 30 мартда «Хорижликлар учун немис институти» директори доктор Георг Картцкега йўллаган хатида Вали Қаюмхоннинг оғир молиявий аҳволи баён этилади.


(Доктор Вальтер Беккернинг доктор Георг Картцкега туркистонлик талаба Вали Қаюмхон тўғрисидаги хати. Берлин 1933 йил.)
Мактубда Вали Қаюмхон марҳум вазир Карл Беккернинг оталиғида бўлгани, бироқ 1933 йил баҳорида нацистлар ҳокимиятга келгач вазияти кескинлашгани ва маблағсиз қолгани таъкидланиб, унга молиявий ёрдам ажратиш ҳамда АҚШнинг «Studienaufenthalt in Amerika» дастури орқали ўқишга юборишда Стивен Дугган (Халқаро таълим институти асосчиси) каби мутасаддилардан кўмак сўралган. Бу мактуб Германия академик доираларининг туркистонлик талабалар тақдирига бефарқ бўлмаганини кўрсатувчи муҳим бирламчи манбадир.
Берлиндаги ушбу архивда тадқиқотчилар учун барча замонавий шароитлар, жумладан электрон қидирув ва рақамлаштириш устахоналари хизмати йўлга қўйилган.

Шуни қайд этиш керакки, Ўзбекистон Миллий архиви ва Пруссия маданий мероси давлат архиви ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолаш, Бухоро амирлиги, Қўқон ва Хива хонликларига оид манбалар нусхаларини юртимизга олиб келиш, қўшма архив тўпламларини нашр этиш ва мутахассислар малакасини ошириш тизимли равишда йўлга қўйилиши лозим. Бу миллий тарихимизнинг номаълум саҳифаларини хорижий манбалар асосида бойитишга хизмат қилади.
Муҳайё ИСАКОВА,
Ўзбекистон Миллий архиви катта илмий ходими,
тарих фанлари доктори, профессор