Беморнинг арзини ким эшитади?
Қарши Давлатов айни пайтда Қизириқ туманидаги Яккатерак маҳалласида яшайди. У кўп йиллар хўжаликда турли вазифаларда меҳнат қилди. Қарийб олтмиш йилдан зиёд иш фаолияти давомида қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшди. Кўп йиллар бригадирлик вазифаcини ҳам адо этди.
Қарши бобо Давлатов айни пайтда саксон ёшга яқинлашди. Бир неча йилдан бери беморликни бошдан кечираётир. Ҳатто юришга ҳам қийналади. Кечалари тузук ухлай олмайди. Оёғи оғриётгани учун азоб чекади.
Шу боисдан тумандаги айрим мутасадди ташкилотларга мурожаат қилди. “Инсон” ижтимоий хизматлар марказига ҳам борди. Аммо арзини тинглайдиган одам топилмади.
–Агар менга ногиронлар аравачаси беришса, анча чўкиб қолган кўнглим кўтарилар, ўзим кечаю кундуз меҳнат қилган далаларни ҳам кўриб келишга имконим бўлар эди, – дейди Қарши бобо йиғламсираб. – Маҳалламиз раиси Акрам Мисиров юра олмаслигимни яхши билади. Аммо муаммони ҳал қилишга кўмаклашишни истамайди.
Яқинда Қарши бобо билан анча гурунг қилдик. У шикоят қилишни ёмон кўришини, ҳатто ор қилишини, шу боисдан юқори ташкилотларга бирор марта ҳам ариза ёзмаганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Эҳтимол, Қизириқ тумани мутасаддилари бу масалага эътибор қаратар? Балки вакиллар касалманд бобонинг ҳолидан хабар олишса, юришга қийналаётган нуронийга ногиронлар аравачаси ажратилса, кекса кишининг соғлиғи тикланиб кетар?
Жовли Хушбоқов,
ЎзА мухбири