Бемор болалар ва фуқаролар чуқурлаштирилган тиббий кўрик ва жарроҳлик амалиётлари билан қамраб олинди
Президентимизнинг «Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этиш тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида минглаб фуқаролар, хусусан, бемор болалар чуқурлаштирилган тиббий кўрик ва мураккаб жарроҳлик амалиётлари билан қамраб олинмоқда.
Ушбу хайрли ташаббус доирасида 1508 нафар бемор бола шифохоналарга ётқизилди. Уларнинг 865 нафарида юқори технологик жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли бажарилди.
ССВ матбуот хизматининг маълум қилишича, онкологик, гематологик ва онкогематологик ташхис қўйилган 545 нафар бемор ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларига жойлаштирилди. Ҳозирга қадар уларнинг 87 нафарида мураккаб жарроҳлик операциялари ўтказилди.
Оғир кечаётган хасталиклардан азият чекаётган 66 нафар фуқаро шифохоналарга ётқизилди. Малакали мутахассислар томонидан уларнинг 13 нафарида жигар ва буйрак трансплантацияси бўйича мураккаб амалиётлар ўтказилди.
Мазкур тадбирлар аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, беморлар ҳолидан хабар олиш ва уларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш орқали инсон қадрини улуғлашга хизмат қилаётир.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА