Беларусда "Ўзбекистон маданияти кунлари" (+видео)
Беларусь пойтахти Минск шаҳрида учинчи бор ташкил этилган “Ўзбекистон маданияти кунлари” икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган йирик халқаро тадбирга айланди. Тадбирлар доирасида Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков ва Беларус маданият вазири Марат Марков ўртасида расмий учрашув бўлиб ўтди.
Музокараларда театр, кино, музей, кутубхона, маданий таълим, ижодий жамоалар алмашинуви, маданий меросни асраш ҳамда рақамли технологияларни маданият соҳасига жорий этиш каби йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар қўшма ишчи гуруҳ тузиш ва ҳамкорликни тизимли ривожлантиришга қаратилган “Йўл харитаси”ни амалга ошириш бўйича келишувга эришди.

Учрашувларда кинематография соҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон ва Беларусь тарихи, маданий мероси ҳамда замонавий ҳаётини акс эттирувчи бадиий ва ҳужжатли фильмларни биргаликда суратга олиш бўйича узоқ муддатли дастур ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилди.
Ўзбекистон делегацияси Минскдаги Беларусь Ахборот Технологиялари Парки фаолияти билан ҳам танишиб, сунъий интеллект, рақамли таълим, киберхавфсизлик, электрон давлат хизматлари ва креатив индустрия учун ишлаб чиқилган инновацион ечимлар билан яқиндан танишди. Айниқса, маданий мерос объектларини 3D форматда рақамлаштириш, виртуал ва кенгайтирилган реаллик технологиялари асосида музей экспозицияларини яратиш ҳамда архив ва кутубхона фондларини рақамлаштириш бўйича тажрибалар катта қизиқиш уйғотди.

Шунингдек, делегация Минск шаҳридаги А.Глебов номидаги давлат амалий санъат коллежига ташриф буюриб, миллий анъаналарни замонавий дизайн билан уйғунлаштириш, креатив иқтисодиётни ривожлантириш, ёш дизайнер ва ҳунармандларни тайёрлаш ҳамда қўшма таълим лойиҳаларини амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди.
“Ўзбекистон маданияти кунлари” доирасида Минскдаги “Победа” кинотеатрида “Ўзбек киноси кунлари”нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда “Ўғил” бадиий фильми намойиш этилди.

Шунингдек, беларусь томошабинлари учун “Қадам. Қуёш боласи Юсуф” ва “Намозшомгул” фильмларини ҳам тақдим этиш режалаштирилди. Маросимда “Узбечка”, “Казбек” ва “Илҳақ” каби қўшма фильмлар икки давлат кино ҳамкорлигининг муваффақиятли намунаси сифатида эътироф этилди.
Тадбирлар доирасида “Янги Ўзбекистон” фотокўргазмаси ҳам ташкил қилиниб, унда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, замонавий қиёфа, бой тарихий-маданий мерос, меъморий обидалар, табиат ва миллий қадриятларни акс эттирувчи 100 га яқин фотосурат намойиш этилди.

“Ўзбекистон маданияти кунлари”нинг якуний ва энг ёрқин тадбирларидан бири Минскдаги “Республика” саройида бўлиб ўтган тантанали гала-концерт бўлди. Унда Ўзбекистон ва Беларусь маданият вазирлари, икки давлат расмийлари, маданият ва санъат намояндалари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди. Концерт Ўзбекистон давлат симфоник оркестри ижросидаги “Ўзбекистон – она диёрим” композицияси билан очилди. Халқаро танловлар совриндори дирижёр Аббосбек Ваҳобов бошчилигидаги ижодий жамоа ижросида ўзбек ва беларусь халқларининг бой мусиқий мероси, миллий анъаналари ҳамда замонавий санъати уйғунлашган 20 га яқин мусиқий ва рақс чиқишлари намойиш этилди.
Минскда ўтказилган “Ўзбекистон маданияти кунлари” икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш, қўшма ижодий ва таълим лойиҳаларини ривожлантириш ҳамда миллий маданий меросни халқаро майдонда кенг тарғиб этишга хизмат қилувчи муҳим майдон сифатида эътироф этилди.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/PlRo9_w92HM" title="Belarusda "O‘zbekiston madaniyati kunlar"" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Моҳичеҳра Эшмирзаева, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА