Бектемир туманида яна бир таълим маскани фойдаланишга топширилди
Юртимизда Мустақилликнинг 35 йиллик байрами арафасида ва янги ўқув йили олдидан бир қанча янги ва замонавий таълим масканлари фойдаланишга топширилди.
Хусусан, Бектемир туманидаги 290-сонли умумтаълим мактаби янгича қиёфада ўқувчилар учун ўз эшикларини очди. Ўқувчилар ва ота-оналар учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлган ушбу муассаса замон талабларига мос шароитлари ва илғор моддий-техник базаси билан ажралиб туради. Мазкур янги бинонинг ишга туширилиши ҳудуддаги аҳоли фаровонлигини ошириш ва ёш авлодга сифатли билим бериш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлди.

Қайд этилганидек, мактаб ҳудудида 750 ўринли янги ўқув биноси бунёд этилиб, 1975 йилда қурилган 960 ўринли мавжуд бино тўлиқ таъмирланди.
Натижада таълим даргоҳининг умумий сиғими 1 714 ўринга етказилиб, ўқувчилар учун замонавий ва қулай таълим муҳити яратилди. Таълим даргоҳида ўқув жараёнини самарали ташкил этиш учун барча зарур шароитлар яратилган.

Жумладан, шинам синфхоналар, машғулот хоналари, замонавий ошхона, спорт заллари ҳамда фаоллар зали ўқувчилар ихтиёрига топширилди. Мактабнинг очилиш маросимида Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова, масъул ташкилотлар раҳбарлари, нуронийлар, ота-оналар ҳамда ўқувчилар иштирок этди. Тадбир давомида янгиланган мактабда яратилган шароитлар билан яқиндан танишилиб, ўқувчилар билан самимий мулоқот қилинди.
Гулноза Бобоева, ЎзА