Бекободда янги инвестициялар ўзлаштирилмоқда
Президентимиз раислигида 11 июль куни ўтказилган инвестициялар жалб қилишни янада кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилишида тармоқ ва ҳудудлардаги инвестиция кўрсаткичлари, лойиҳаларнинг ижроси ва йил якунигача бўлган устувор вазифалар муҳокама қилинган эди.
Бекобод шаҳрида бу борадаги ишлар қандай ташкил қилинди? Ҳудудда 2023 йилда 10 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш белгиланган. Шундан, январь-июнь ойларида 5,6 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Хусусан, Туркия, Миср, Италия ҳамда Хитой давлатларининг 20 дан ортиқ инвестор, тадбиркорлари билан учрашувлар ўтказилиб, ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти, ижтимоий инфратузилмаси ва логистика имкониятлари ҳақида маълумотлар берилди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси билан мунтазам олиб борилган музокаралар натижасида мазкур давлат томонидан қатор лойиҳалар ишга туширилмоқда. Яъни, умумий қиймати 6 миллион доллар бўлган полимер тола ишлаб чиқарувчи корхона ишга туширилиши ҳам шулар жумласидандир. Ана шундай йирик лойиҳалардан бири Бекобод шаҳар кичик саноат зонасида хитойликлар билан ҳамкорликда “Шенгли Стелл” МЧЖ қўшма корхонаси фойдаланишга топширилди. “Темир чиқиндиларини қайта ишлаш” лойиҳаси учун 5 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилиб, 100 га янги иш ўринлари яратилди.
А.Мусаев, ЎзА.