Беғараз донорлик - юксак инсонпарварлик намунаси
Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партияси ташаббуси билан республикамиз бўйлаб ташкил этилган, инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва саховат ғояларини улуғловчи “Бор меҳримиз сенга, болажон!” донорлик хайрия акцияси Наманганда кенг жамоатчилик иштирокида, кўтаринки руҳда ўтказилди.
“Адолат” СДП Наманган вилоят кенгаши ҳамда партия ҳудудий кенгашлари бош-қошлигида бўлган ушбу хайрли тадбир вилоят қон қуйиш маркази, Поп тумани Санг қишлоқ шифохонаси, Мингбулоқ тумани фавқулодда вазиятлар бўлими, Янги Наманган тумани ҳудудий электр таъминоти корхонаси ва Чуст тумани ички ишлар бўлими биносида уюштирилди.
Акция давомида оғир хасталик билан курашаётган болалар учун қон захирасини шакллантириш, аҳоли ўртасида беғараз донорлик маданиятини кенг тарғиб қилиш ва жамиятда инсонпарварлик муҳитини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур хайрли ташаббусда партия фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари, шифокору ҳамширалар, Наманган давлат педагогика институти талабалари ҳамда кўнгилли ёшлар фаол иштирок этиб, улар бемор болажонлар ҳаётини сақлаб қолишдек бир мақсад йўлида бирлашдилар.
Акцияни юқори савияда ташкиллаштириш ва ўтказишда партиянинг фаол ва ташаббускор масъуллари алоҳида жонбозлик кўрсатдилар.
Қувонарлиси шундаки, акция давомида 828 нафардан зиёд иштирокчи жалб қилиниб, 291 нафар донор томонидан 137,026 литрдан ортиқ қон захираси яратилди. Бу эса, юзлаб бемор болалар учун ҳаёт ва умид демак.
Таъкидлаш жоизки, “Бор меҳримиз сенга, болажон!” хайрия донорлик акцияси “Адолат” партияси томонидан 11 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётгани лойиҳанинг нафақат ижтимоий, балки юксак маънавий аҳамиятга эга эканлигини яққол намоён этади.
– Партиямиз учун инсон қадри, айниқса, болалар саломатлиги ва уларнинг бахтли келажаги доимо устувор аҳамиятга эга. Анъанавий акциямиз нафақат донорлик тадбири, балки юксак инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва жамиятдаги ижтимоий масъулият намунасидир, – дейди “Адолат” СДП Наманган вилояти кенгаши раиси Исроилжон Жўраев. – Биз бундан кейин ҳам қон қуйиш марказлари билан ҳамкорликда ана шундай хайрли ташаббусларни изчил давом эттирамиз. Чунки бир томчи қон кимнингдир ҳаётини сақлаб қолиши мумкин.
Дарҳақиқат, “Адолат” партияси томонидан илгари сурилаётган ижтимоий аҳамиятга молик ташаббуслар жамиятда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлайди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА