Бебаҳо мерос
Андижонда “Темур тузуклари – халқимизнинг бебаҳо мероси” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги олдидан Избоскан туманидаги “Лидерлар мактаби” нодавлат таълим муассасасида ўтказилган тадбирда олимлар, ижодкорлар, ўқитувчи ва ўқувчилар иштирок этди.

Дастлаб халқаро Амир Темур жамоат фонди вилоят бўлими раҳбари, Ўзбекистон ва Қирғизистон Ёзувчилар уюшмалари аъзоси Ҳабиб Сиддиқ буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур ҳаёти, фаолияти, шунингдек, таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўзлади.

Шундан сўнг Қўқон университети Андижон филиали катта ўқитувчиси Буҳажал Юнусова “Темур тузуклари – халқимизнинг бебаҳо мероси” мавзусида маъруза қилди. Маърузада Темур тузукларининг ўзбек давлатчилиги тарихидаги аҳамияти, ўрни, роли ва тарбиявий аҳамияти, халқимизнинг нодир илмий мероси эканлиги хусусида кенг маълумотлар берилди.

“Лидерлар мактаби” директори Шуҳрат Шодмоналиев, шоира Сайёра Солиева ва бошқалар мавзу юзасидан ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Мактабнинг иқтидорли ўқувчилари томонидан Соҳибқирон Амир Темур ҳақидаги асарлардан парчалар ўқилди, саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири.