Бахтли оилалар сони кўпаяверсин
Жамият тараққиёти, аввало, мустаҳкам ва соғлом оилаларга боғлиқ. Оиладаги тинчлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат эса зўравонликка йўл қўймаслик орқали таъминланади. Шу мақсадда жойларда турли маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.
Навоий вилояти Кармана тумани “Оила маскани”да никоҳ арафасидаги ёшлар ҳамда оилавий муаммоларга дуч келган фуқаролар иштирокида “Маиший зўравонликсиз бахтли оила” мавзусида тарғибот тадбири ўтказилди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 3 мартдаги “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш доирасида ташкил этилди.
Унда туман ҳокими ўринбосари Наргис Шомиева мамлакатимизда аёллар ва болалар ҳуқуқларини таъминлаш, уларни ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш ҳамда жамиятда бундай ҳолатларга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш, оилада соғлом муҳит яратиш борасида олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтди.

Учрашув давомида иштирокчиларга ота-оналик масъулияти, оилада ўзаро ҳурмат ва ишончни мустаҳкамлаш, зўравонликсиз ҳаёт тарзи, шунингдек, тиббий, иқтисодий, психологик ва маънавий билимлар юзасидан муҳим тушунчалар берилди.

Тадбир якунида иштирокчиларнинг оилавий ҳаётга тайёргарлик даражасини оширишга қаратилган амалий тавсиялар берилди ҳамда 6 та жуфтликка махсус сертификатлар топширилди.
Бундай тадбирлар жамиятда соғлом оила муҳитини шакллантириш, маиший зўравонлик ҳолатларини камайтириш ва бахтли оилалар сонини кўпайтиришга хизмат қилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири