Бахшиларнинг достонлари тинмасин
Олислардан бахши бобонинг овози эшитилади. Унинг ижроси мардлик, меҳр-муҳаббат, ҳалоллик, қадим тарихимиздан сўзлайди...
Кейинги йилларда мамлакатимизда бахшичилик санъати ривожига катта эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 14 майдаги "Бахшичилик санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори миллий табиатимиз, ўзлигимиз, бебаҳо анъана ва қадриятларимизни, она тилимиз, фольклор санъатимизни-да мужассам этган бахшичилик санъатини янада равнақ топтириш, унинг миллий маданиятимиз ва санъатимиздаги ўрни ва аҳамиятини юксалтиришда янги уфқларни очиб берди, десак муболаға бўлмайди. Санъатнинг мазкур йўналиши ёшларимизни "оммавий маданият"нинг чангалидан асрашда ҳам ўзига хос воситадир.
Мутахассисларнинг фикрича, бахшилар халқ турмуши ва маданияти, юрт тарихи ва чолғу ижрочилиги, хонандалик санъатини пухта эгаллаган фидойи инсонлардир. Улар жонли халқ тилининг турли шаклларидан, сўз ўйинлари ва қочиримларидан, халқ мақоллари ва ибораларидан унумли фойдаланиш салоҳиятига эга экани диққатга сазовор. Бахшининг истеъдоди тингловчини ўз ижросига маҳлиё эта олиши, достонни қизиқарли ва завқли тарзда, мукаммал, бехато ижро этишда намоён бўлади.
Манбаларда келтирилишича, Пўлкан шоир етмишдан ортиқ достонни ёддан билган. Ҳар бир достон икки-уч минг сатрдан тортиб, ўн-ўн беш, ҳатто йигирма минг мисрагача шеърни, қарийб шунча назм қисмни ҳам ўз ичига олади. Демакки, халқ бахшиларининг салоҳияти, фавқулодда ёдлаш ва эсда сақлаш қобилияти, ижод қилиш қудрати нечоғли юксак эканини тасаввур этиш қийин эмас. Фольклоршунос олимларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон халқ бахшилари Бола бахши Абдуллаев, Шоберди Болтаев, Абдуназар Поёнов, Боборайим Маматмуродов, Қора бахши Умиров, Абдуқаҳҳор ва Абдумурот Раҳимовлар, Шомурод Тоғаев, Зиёдулла Исломов, Норбек бахши Абдуллаев, Қаландар бахши Норметов, Қодир бахши Раҳимов бетакрор ижролари билан бахшичилик санъати ривожига муносиб ҳисса қўшган.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2019 йил Термиз шаҳрида Халқаро бахшичилик санъати фестивали юксак савияда, байрамона руҳда ўтказилди. Рости, "ушбу фестивалда юртимиз бахшиларидан бошқа яна ким қатнашар экан?", "Бахшичилик санъати, достон ижрочилигига қизиқадиганлар ҳам борми?", деб ажабланганлар ҳам бўлди. Халқаро фестиваль шу каби саволларга барҳам берди, десак муболаға бўлмайди. Фестивалда дунёнинг кўплаб давлатларидан ижрочиларнинг иштирок этгани, азим Термизга санъат мухлислари сиғмай кетгани, кўпларимиз уни ойнаижаҳон орқали томоша қилганимиз бахшичилик санъатига бўлган қизиқиш нечоғли катта эканини яна бир карра намоён этди.
Юртимиз бахшичилик санъати ўз йўналиши, мактаб ва анъаналари, ижро йўлларига эга экани яна бир карра мазкур фестивалда ўз ифодасини топди. Мутахассисларнинг қайд этишича, мамлакатимизнинг Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида бахшичилик санъати ривожланган бўлиб, ҳозирги кунда Булунғур, Қўрғон, Шаҳрисабз, Қамай, Чироқчи, Деҳқонобод, Шеробод, Бойсун, Жанубий Тожикистон, Хоразм ҳамда Қорақалпоқ достончилик мактаблари мавжуд. Улар бир-биридан ижро усуллари ва репертуарлари билан фарқланади.
Президентимизнинг 2021 йил 12 апрелдаги "II Халқаро бахшичилик санъати фестивалига тайёргарлик кўриш ва бахшичилик санъатини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори юртимиз бахшичилик мактабларини янада равнақ топтириш, бу борадаги ютуқларни намойиш этиш, кенг оммалаштиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Н.Усмонова, ЎзА