Барқарорликдан ўзаро боғлиқликка: Марказий Осиёнинг БМТдаги янги мақоми
Бугунги халқаро шароитда давлатлар ўртасида умумий ёндашувларни шакллантириш тобора мураккаблашиб бораётган бир пайтда, Марказий Осиё кенг халқаро консенсусга эришилган кам сонли минтақалардан бири сифатида намоён бўлмоқда.
Жорий йилнинг май ойида муҳим сиёсий воқеа юз берди: БМТ Бош Ассамблеяси (БМТ БА) «Марказий Осиё минтақасида барқарор ривожланишни таъминлаш учун минтақавий ҳамкорлик ва иқтисодий интеграцияни мустаҳкамлаш» тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди.
Мазкур ташаббус Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2025 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг юбилей 80-сессияси умумий сиёсий мунозаралари чоғида илгари сурилган эди.
Резолюциянинг овоз беришсиз, консенсус асосида қабул қилингани алоҳида эътиборга молик. Бу Ўзбекистон дипломатиясининг муҳим хусусиятини — турли давлатлар манфаатларини уйғунлаштира оладиган ташаббусларни илгари суриш ва улар атрофида кенг халқаро ҳамжиҳатликни шакллантириш қобилиятини намоён этди.
Дунёнинг турли минтақаларини ифодаловчи 66 та давлат резолюцияга ҳаммуаллиф бўлди. Улар орасида Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари, шунингдек, Хитой, Россия, Германия, Бразилия, Туркия, Корея Республикаси ва бошқа давлатлар бор.
Геосиёсий парчаланиш кучайиб бораётган шароитда бундай консенсус алоҳида сиёсий аҳамият касб этади. Бу Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорлик турли ташқи сиёсий йўналишларга эга давлатлар манфаатларини уйғунлаштириш салоҳиятига эга эканини кўрсатади.
Резолюция мазмуни эндиликда минтақадаги барқарорликни умумий қўллаб-қувватлаш билангина чекланмайди. Унда шаклланган янги минтақавий кун тартиби — иқтисодий интеграция ва ўзаро боғлиқликни ривожлантириш, одамлар, товарлар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланишини таъминлаш, саноат кооперацияси ҳамда кичик ва ўрта бизнес ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш каби устувор йўналишлар ўз ифодасини топган.
Ҳужжат сўнгги йилларда Марказий Осиёда шаклланган янги сиёсий воқеликни халқаро даражада мустаҳкамлади. Бугун минтақа алоҳида икки томонлама алоқалар доирасидан чиқиб, умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш ва халқаро майдонда муштарак манфаатларни илгари суришга қодир яхлит минтақавий макон сифатида тобора яққол намоён бўлмоқда.
Бундан атиги ўн йил аввал Марказий Осиё, аввало, бешта мустақил давлатни бирлаштирувчи географик макон сифатида қабул қилинар, бироқ ҳар доим ҳам мустақил сиёсий минтақа сифатида кўрилмас эди.
Мамлакатлар ўртасида чегара масалаларининг ҳал этилмагани, транспорт алоқаларининг чеклангани, ўзаро савдо ҳажмининг пастлиги ва ишонч етишмаслиги минтақавий ҳамкорликни чеклаб турарди. Минтақа кун тартиби кўп жиҳатдан айрим давлатларнинг ташқи ҳамкорлар билан алоқалари таъсирида шаклланар, Марказий Осиёнинг ўзига хос кўп томонлама ҳамкорлик механизмлари эса амалда мавжуд эмас эди.
Бугун вазият ўзгармоқда. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йилда йўлга қўйилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари ташқи воситачиларсиз умумий масалаларни муҳокама қилишнинг марказий майдонига айланди.
Муҳими, Маслаҳат учрашувлари давлат раҳбарлари сиёсий мулоқоти доирасидагина қолиб кетмади. Уларнинг атрофида босқичма-босқич минтақавий ҳамкорликнинг кўп босқичли архитектураси шаклланди. У вазирлик ва идоралар раҳбарлари учрашувлари, иқтисодий форумлар, экспертлар алоқалари, ишбилармон доиралар, парламентлар, хотин-қизлар ва ёшлар ўртасидаги ҳамкорлик, шунингдек, саноат кооперацияси ва ҳудудлараро шериклик механизмларини қамраб олди.
Кейинги босқичда минтақавий ҳамкорликнинг янги механизмлари шакллантирилиб, қатор стратегик ҳужжатлар қабул қилинди. Улар қаторида Марказий Осиё давлатларининг кўп томонлама форматлар доирасидаги ўзаро ҳамкорлиги концепцияси, «Марказий Осиё – 2040» минтақавий кооперацияни ривожлантириш концепцияси ҳамда Минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик концепцияси бор.
Айни payтда ҳамкорликнинг иқтисодий пойдевори ҳам ўзгариб борди. Евроосиё тараққиёт банки маълумотларига кўра, 2025 йилда минтақа иқтисодиёти қарийб 7 фоизга ўсди, беш давлат ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми эса 12,3 миллиард долларга етиб, 2016 йилдаги кўрсаткичдан қарийб тўрт баравар ошди. Кутилишича, 2026 йилда Марказий Осиё иқтисодиётининг умумий ҳажми илк бор 600 миллиард доллардан ошади.
Бу кўрсаткичлар ортида янада муҳим сифат ўзгариши турибди: минтақадаги яқинлашув тобора сиёсий мулоқот доирасидан чиқиб, иқтисодий ҳамкорлик ва ўзаро боғлиқлик билан мустаҳкамланмоқда.
Илгари кескинлик манбаи бўлган масалалар бугун ҳамкорлик йўналишларига айланмоқда. Яқин вақтгача давлатларни ажратиб турган омиллар эндиликда биргаликдаги ечимлар учун асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ўзбекистоннинг Қирғизистон ва Тожикистон билан чегараларидаги асосий масалалар ҳал этилди, транспорт қатнови тикланди, одамлар ва товарлар ҳаракати кенгайди. Ҳатто узоқ йиллар давомида умумминтақавий кун тартибидаги энг мураккаб масалалардан бири бўлиб келган сув-энергетика соҳасида ҳам қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Бошқача айтганда, минтақа чекланган ҳамкорликдан барқарор ўзаро боғлиқликни шакллантириш босқичига ўтди.
2018 йилдаёқ Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси консенсус асосида «Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш мақсадида минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» резолюциясини қабул қилган эди.
Орадан саккиз йил ўтиб, минтақавий ҳамкорлик ва иқтисодий интеграцияга урғу берилган янги резолюция қабул қилинди.
Икки ҳужжат ўртасидаги фарқ минтақавий кун тартибида юз берган ўзгаришларни яққол намоён этади. 2018 йилда асосий эътибор Марказий Осиёда барқарорликни мустаҳкамлаш жараёнини халқаро даражада қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлса, 2026 йилда устувор вазифа ўзаро ишончнинг юқори даражасига эришган давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва янги босқичга олиб чиқишдан иборат бўлди.
Шу тариқа, саккиз йил ичида барқарорлик кун тартибидан ўзаро боғлиқлик кун тартибига ўтиш юз берди.
Айнан шу жараёнда Ўзбекистоннинг янги роли энг яққол намоён бўлмоқда.
Ўзбекистон учун минтақавий сиёсат миллий тараққиёт стратегиясининг ажралмас қисмига айланиб бораётгани муҳим аҳамият касб этади. Бунда мамлакатнинг ўз салоҳиятини ошириш қўшни давлатлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва уларнинг ривожланиш имкониятларини қўллаб-қувватлаш билан уйғун равишда олиб борилмоқда.
Шу нуқтаи назардан, минтақадаги барқарорликнинг мустаҳкамланиши, ўзаро савдонинг кенгайиши ва транспорт алоқаларининг ривожланиши Марказий Осиёнинг халқаро муносабатлардаги ўрни ва салоҳиятини янада оширади.
Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «кучли, бирлашган, иқтисодий жиҳатдан ўзаро боғланган, очиқ ва барқарор Марказий Осиё барча ҳамкорларимизнинг стратегик манфаатларига жавоб беради».
Шу тариқа, Ўзбекистоннинг миллий манфаатлари минтақанинг барқарорлиги, изчил ривожланиши ва умумий салоҳиятини мустаҳкамлаш билан тобора узвий боғланиб бормоқда.
Бироқ минтақавий ҳамкорликнинг халқаро миқиёсда эътироф этилиши ўз-ўзидан якуний натижа эмас.
Кейинги босқич — эришилган сиёсий ишончни барқарор иқтисодий ўзаро боғлиқликка айлантириш.
Бунинг учун зарур пойдевор аллақачон яратилган. Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 2016 йилдаги 2,4 миллиард доллардан 2025 йилда 8,3 миллиард долларга етиб, қарийб 3,5 баравар ошди. Минтақа мамлакатлари капитали иштирокидаги корхоналар сони 2 мингдан ошиб, орти баравардан зиёд кўпайди.
Шу билан бирга, транспорт ўзаро боғлиқлиги ҳам ривожланмоқда: Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси амалга оширилмоқда, Транскаспий йўналиши билан алоқалар кенгаймоқда ва Трансафғон коридори илгари сурилмоқда.
Бу лойиҳалар минтақанинг иқтисодий географиясини ўзгартирмоқда. Марказий Осиё Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жанубдаги йирик бозорларни боғловчи муҳим бўғин сифатида намоён бўлиш имкониятига эга бўлмоқда, минтақа ичидаги алоқалар эса кенгроқ Евроосиё таъминот занжирларининг таркибий қисмига айланмоқда.
Шуниси эътиборлики, Марказий Осиё ички жиҳатдан қанчалик кўпроқ боғланса, унинг ташқи имкониятлари шунчалик кенгаймоқда. Минтақа ичидаги ўзаро боғлиқлик йирик транспорт, савдо ва ишлаб чиқариш занжирларига чиқиш учун мустаҳкам асос яратмоқда.
20 май куни қабул қилинган резолюция ушбу жараёнда муҳим босқич бўлди. Унинг аҳамияти минтақавий ҳамкорликнинг халқаро миқиёсда эътироф этилиши билангина чекланмайди.
Сўнгги йилларда Марказий Осиёда сиёсий мулоқотнинг самарали механизмлари шаклланди, стратегик ҳужжатлар қабул қилинди ва амалий ҳамкорлик воситалари йўлга қўйилди.
Эндиликда ушбу минтақавий динамика БМТ Бош Ассамблеяси даражасида кенг қўллаб-қувватланди. Бу минтақа давлатлари ўз устувор йўналишларини мустақил белгилаш ва уларни халқаро миқиёсда қўллаб-қувватлашга эришиш салоҳиятига эга эканининг яна бир тасдиғидир.
Ўзбекистон учун бу ташқи сиёсий фаолликни кенгайтириш учун қўшимча имкониятлар яратади. БМТ доирасида минтақавий кун тартибини илгари суриш, қўшни давлатлар билан алоқаларни ривожлантириш ва иқтисодий ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш тобора ягона стратегик йўналишга — мамлакатни ўраб турган минтақани кучайтириш орқали Ўзбекистоннинг халқаро мавқеини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Бундай шароитда асосий вазифа эришилган ютуқларни аниқ амалий натижалар билан мустаҳкамлашдан иборат. Бунинг учун ўзаро савдони кенгайтириш, қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини ривожлантириш, транспорт боғлиқлигини кучайтириш, энергетика соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш ҳамда халқлар ўртасидаги алоқаларни янада фаоллаштириш муҳим.
Бекзод Норматов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти етакчи илмий ходими