Барқарор ривожланиш учун минтақавий интеграция
Бугун тарихий воқелик остонасида турибмиз. 16 йил ўтиб, Ўзбекистон яна йирик халқаро тузилма тадбирига мезбонлик қилмоқда.
3-6 май кунлари Самарқанд шаҳрида Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Бошқарувчилар кенгаши 59-йиллик йиғилиши бўлиб ўтади. Мазкур анжуманга юқори даражада таёргарлик кўрилмоқда. Қайд этиш керак, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги форум ҳамкори ҳисобланади.
Молиявий институтлар раҳбарлари, иқтисодиёт вазирлари, бизнес вакиллари ҳамда халқаро экспертларни бирлаштириб, “Тараққиёт чорраҳалари: минтақанинг ўзаро боғлиқ келажагини илгари суриш” шиори остида ўтказилаётган бу галги тадбирда ОТБга аъзо қарийб 100 дан зиёд мамлакатдан 4 000 га яқин вакил иштироки кутиляпти.

Дастури барқарор ривожланиш ва минтақавий интеграциянинг асосий йўналишларини қамраб олган йиғилишда асосий эътибор рақамли инфратузилмани ривожлантириш, энергетик ўтиш учун молия жалб этиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилади. Шунингдек, иқтисодий барқарорлик ва глобал таъминот занжирини мустаҳкамлашга бағишланган бизнес-сессия ва семинарлар ҳам ўтказилади.
Форум доирасида “яшил” трансформация, рақамлаштириш ва инвестиция мавзуларига бағишланган 90 тагача тадбир ташкил этилади. АСЕАН+3 мамлакатлари ва бошқа бир неча субминтақавий тузилма молия вазирлари алоҳида учрашади. “ОТБ хусусий сектор куни”да бизнес ҳамжамияти билан ҳамкорликни кенгайтириш мақсад қилинган.
Асосий тадбирлар учун “Silk Road Samarkand” халқаро сайёҳлик мажмуасидаги Конгресс маркази ва “Expo Center” майдони ҳозирланган. Умуман, шундай йирик тадбир Самарқандда ўтказилиши юртимизнинг халқаро мулоқот майдони сифатидаги аҳамияти ошиб бораётганидан далолат. Мамлакатимизда ОТБ йиллик йиғилиши иккинчи бор ўтказилмоқда: 2010 йил шундай анжуман Тошкент шаҳрида ташкил этилган.

Таъкидлаш жоиз, мазкур йиғилиш Осиё-Тинч океани минтақасини ривожлантириш истиқболи билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокамаси учун қулай майдон вазифасини ўташи кутиляпти.
Осиё тараққиёт банки Ўзбекистоннинг энг йирик ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Кейинги беш йил ушбу нуфузли молиявий тузилма мамлакатимизга самарали лойиҳаларни молиялаштириш учун 5,4 миллиард доллар ажратган. Ҳукумат ва бошқа ҳамкорлар билан бирга банк “яшил” иқтисодиётга ўтиш, хусусий секторни ривожлантириш ва инсон капиталига йўналтирилаётган сармояни рағбатлантиришга кўмаклашмоқда.
1966 йил тузилган ОТБ Осиё-Тинч океани минтақасида барқарор, инклюзив ва мувозанатли ўсишни қўллаб-қувватловчи етакчи кўп томонлама тараққиёт банки саналади. 69 минтақа ва давлатни бирлаштирган жамоа аҳоли фаровонлигини ошириш, инфратузилмани ривожлантириш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мақсадида инновацион молиявий воситалардан фойдаланиб, стратегик шерикликлар билан фаол ҳамкорлик қилади.
ЎзА мухбири Беҳруз Худойбердиев тайёрлади.