Барқарор энергия тараққиёт гарови
Қишнинг совуқ кунларида электр энергиясига бўлган талаб ортади. Бу эса электр тармоқларига тушадиган юкламани ошириб, таъминотда қисқа муддатли узилишларга сабаб бўлиши мумкин. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш, аҳоли хонадонлари билан бир қаторда ижтимоий соҳа муассасалари ва иқтисодиёт тармоқларини ҳам барқарор электр энергияси билан таъминлаш мақсадида Сайхунобод туманида 327 километр электр тармоғи таъмирланди, 129 та трансформатор пунктида созлаш ишлари бажарилди. Куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида махсус бригадалар шакллантирилиб, авариявий ҳолатларни тезкор бартараф этиш учун зарур эҳтиёт қисмлар захираси яратилди.
— Куз-қиш мавсумида электр таъминотидаги узилишлар нафақат аҳоли хонадонларига, балки мактабгача таълим ташкилотлари, мактаблар, тиббиёт муассасалари, ишлаб чиқариш корхоналари ва бошқа ижтимоий-иқтисодий соҳа объектларининг фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Шу боис истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш, тизимни модернизация қилиш ва мавжуд муаммоларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг соҳага қаратаётган эътибори, электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш борасидаги топшириқлари ўз самарасини бермоқда. Кўп узоққа бормайлик, бундан ўн йиллар аввал электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар анча кўп эди. Эскирган трансформаторлар ортиқча юкламани кўтара олмас, ёғоч электр устунлари кучли шамолда синиб кетар, эскирган электр узатиш тармоқларида тез-тез узилишлар кузатиларди. Айрим ҳолларда ҳудудларда бир-икки соат эмас, ҳатто бир-бир ярим кунгача электр энергияси бўлмаган кунлар ҳам учрарди.
Бугун эса тизим босқичма-босқич янгиланмоқда. Ортиқча юкламаларга бардошли трансформаторлар ўрнатилиб, эскирган устунлар ўрнига мустаҳкам темир-бетон таянчлар қўйилмоқда. Бу ўзгаришлар нафақат соҳа ходимларига, балки электр таъминоти барқарорлиги ошишидан манфаатдор бўлган аҳолига ҳам қулайлик яратмоқда, — дейди Сайхунобод туман электр таъминоти бошлиғи Анвар Содиқов.

Эътиборли жиҳати, туманда авариявий ҳолатларда таъмирлаш ишларини кечиктирмасдан бажариш учун зарур эҳтиёт қисмлар захираси ҳам шакллантирилди. Хусусан, 5 та трансформатор, 0,8 тонна трансформатор мойи, 1 километр кабель, 10 та муфта, 6 та РЛНД-10 кВ ажраткич, 50 та изолятор ва 21 та сақлагич захирага жамланди. Бундан ташқари, бошқа зарур эҳтиёт қисмлар ҳам тайёрлаб қўйилди.

Шунингдек, туманда 12 нафар ходимдан иборат иккита махсус бригада ташкил этилиб, улар иккита хизмат автомашинаси билан таъминланди. Бу эса электр тармоқларида носозликлар юзага келган тақдирда, муаммони қисқа муддатларда аниқлаш ва бартараф этиш, истеъмолчилар учун ноқулайликларни камайтириш имконини беради.

— Мавсумга пухта тайёргарлик кўришда мавжуд тармоқларни ўз вақтида таъмирлаш, трансформатор пунктларининг техник ҳолатини яхшилаш, эҳтиёт қисмлар захирасини яратиш ва махсус бригадаларнинг доимий шайлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Асосий мақсадимиз — электр таъминотидаги узилишларнинг олдини олиш, юзага келиши мумкин бўлган авария ҳолатларига тезкор жавоб қайтариш ва аҳоли ҳамда барча соҳа объектларини барқарор электр энергияси билан таъминлаш, — дейди Анвар Содиқов.

Бу саъй-ҳаракатлар замирида бир мақсад мужассам: қишнинг энг совуқ кунларида ҳам хонадонларда чироқлар ўчмасин, таълим ва тиббиёт муассасалари, ишлаб чиқариш корхоналари бир маромда фаолият юритсин. Зеро, барқарор электр таъминоти — нафақат аҳоли фаровонлиги, балки ҳудуднинг иқтисодий тараққиёти, ишлаб чиқариш узлуксизлиги ва кундалик ҳаёт осойишталигининг ҳам муҳим кафолатидир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири