Барқарор энергия – барқарор тараққиёт пойдевори
Юртимизда саноатнинг жадал ривожланиши, аҳоли сонининг ўсиши, янги турар жойлар ва ишлаб чиқариш қувватларининг барпо этилиши электр энергиясига бўлган талабни йил сайин оширмоқда. Шу боис электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш билан бир қаторда, уни истеъмолчиларга сифатли ва узлуксиз етказиб бериш ҳам ислоҳотларнинг асосий вазифаси сифатида белгиланган.
Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари бошчилигида энергетика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар тармоқни мутлақо янги босқичга олиб чиқмоқда. Янги электр станциялари барпо этилмоқда, қайта тикланувчи энергия манбалари кенг жорий этилмоқда, юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари қурилмоқда. Энг муҳими, аҳоли яшаш ҳудудларидаги эски электр тармоқлари босқичма-босқич янгиланмоқда. Бу ишлар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган энергетика хавфсизлигини таъминлаш, инфратузилмани модернизация қилиш ва аҳоли турмуш сифатини юксалтириш каби устувор вазифаларнинг амалий ифодасидир.
Навоий вилояти мазкур йўналишда мамлакатнинг стратегик ҳудудларидан бири ҳисобланади. Вилоятда йирик саноат корхоналари, эркин иқтисодий зоналар, логистика марказлари ва истиқболли инвестиция лойиҳаларининг жадал ривожланиши электр таъминоти тизимини янада такомиллаштиришни талаб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, Хатирчи туманида амалга оширилаётган ишлар бутун ҳудуднинг иқтисодий ривожланишига хизмат қилувчи муҳим инфратузилма лойиҳаси ҳисобланади.
Бугунги кунда тумандаги 47 минг 600 нафардан ортиқ истеъмолчини барқарор электр энергияси билан таъминлаш мақсадида кенг қамровли қурилиш ва реконструкция ишлари изчил давом эттирилмоқда. Бу ишлар фақат мавжуд носозликларни бартараф этиш билан чекланмай, балки келгуси йилларда ортиб борадиган электр юкламасини ҳам ҳисобга олган ҳолда амалга оширилмоқда.
Энергетика соҳасида профилактик ёндашувни кучайтириш мақсадида туман электр таъминоти балансидаги 932 та трансформатор пункти тўлиқ техник хатловдан ўтказилди. Натижада таъмирталаб объектлар аниқланиб, уларни босқичма-босқич тиклаш ишлари бошланди. Қисқа вақт ичида 34 та трансформатор пункти ҳамда 27,8 километр электр тармоғида таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланди. Бу ишлар натижасида электр энергиясини етказиб беришдаги техник йўқотишлар камайиб, кучланиш барқарорлиги таъминланмоқда. Энг муҳими, минглаб хонадонларда электр таъминоти сифати сезиларли даражада яхшиланиши кутилмоқда.
Янги қурилаётган аҳоли массивлари ва истиқболли ҳудудларни электр энергияси билан таъминлаш ҳам доимий эътибор марказида. Шу мақсадда 6 километр янги электр тармоғи қурилди ва 4 та янги трансформатор пункти фойдаланишга топширилди. Бу эса келгусида янги уй-жойлар, ижтимоий объектлар ва тадбиркорлик субъектларини ишончли электр энергияси билан таъминлаш имкониятини кенгайтиради.

Аҳоли сони ва электр истеъмоли ортиб бораётган маҳаллаларда эса 5 та трансформатор пунктининг қуввати оширилди, яна 1 та трансформатор пункти юклама марказига кўчирилди.
Бундай кенг кўламли ишларни қисқа муддатларда бажариш учун ҳудудда 12 та махсус бригада ва 7 та махсус техника сафарбар этилган. Шунингдек, туманда ташкил этилган махсус штаб барча қурилиш ва таъмирлаш ишларини ягона режа асосида мувофиқлаштирмоқда. Ишларнинг сифатли ва ўз вақтида бажариш мақсадида мутахассислар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитлари яратиб берилган.
Хуллас, туманда электр таъминоти нафақат аҳоли учун қулайлик, балки иқтисодий тараққиётнинг муҳим омилига айланган. Электр таъминоти барқарор бўлган ҳудудда эса саноат ривожланади, тадбиркорлик кенгаяди, янги иш ўринлари яратилади, инвестициялар жалб қилинади ва аҳоли турмуш сифати юксалади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири