Банкларни санация қилишда баҳолаш ўтказиш тартиби белгиланди
Банк тизимида активлар сифатини баҳолаш, эҳтимолий йўқотишларни олдиндан ҳисобга олиш ва молиявий барқарорликни таъминлашга қаратилган янги тартиб белгиланди.
Адлия вазирлиги томонидан “Банкларда активлар сифатини таснифлаш ва активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун захиралар шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги идоравий ҳужжат давлат рўйхатидан ўтказилди. Ҳужжат 2026 йил 10 сентябрда 3937-сон билан рўйхатга олинган.
Янги тартиб банклар, жумладан, микромолия банклари ҳамда исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкларда активлар сифатини таснифлаш, эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун захиралар шакллантириш ва улардан фойдаланиш механизмларини белгилаб беради.
Белгиланган тартибга кўра, банк активлари сифатидан келиб чиқиб, “стандарт”, “субстандарт”, “қониқарсиз”, “шубҳали”, “умидсиз” тоифаларга ажратилади. Улар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун тегишлича 1, 10, 25, 50 ва 100 фоиз миқдорида захира шакллантирилади.
Активларни таснифлашда объектив мезонлар ҳамда қарздорнинг тўлов қобилияти ва мажбуриятларни бажариш эҳтимоли пастлигига оид мезонлар инобатга олинади. Агар мазкур мезонлар бўйича турлича натижа келиб чиқса, актив учун нисбатан ёмонроқ сифат тоифаси қўлланилади. Шунингдек, банклар, нобанк кредит ташкилотлари, суғурта ва лизинг ташкилотларига берилган активлар учун алоҳида таснифлаш мезонлари белгиланган.
Реструктуризация қилинган активнинг сифатини яхшилаш автоматик равишда амалга оширилмайди. Бунинг учун белгиланган шартлар бажарилиши ва тегишли синов давридан ўтиш талаб этилади. Жумладан, актив хусусиятидан келиб чиқиб, камида 6 ёки 12 ойлик синов даври ўтиши лозим. Бу давр қарздорнинг ўз мажбуриятларини барқарор равишда бажараётганини баҳолаш имконини беради. Шакллантирилган захиралар эса ойига камида бир марта қайта кўриб чиқилади.
Яна бир муҳим янгилик 2028 йил 1 январдан кучга киради. Шу санадан бошлаб муаммоли активларга “фоизларни ўстирмаслик” мақоми берилади. Бунда ҳисобланган, аммо амалда олинмаган фоизлар ва бошқа даромадлар балансдан ташқари ҳисобварақларга ўтказилади. Активларни захира ҳисобидан балансдан ташқари ҳисобварақларга ўтказиш ёки уларни ҳисобдан чиқариш эса қарздорнинг қарз мажбуриятини бекор қилмайди. Яъни, банкнинг қарзни ундириш бўйича ҳуқуқ ва имкониятлари сақланиб қолади.
Мазкур тартибнинг жорий этилиши банк активларининг ҳақиқий сифатини аниқроқ баҳолаш, эҳтимолий кредит йўқотишларига ўз вақтида тайёргарлик кўриш ва банк тизимида молиявий барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА