Банк-молия тизими такомиллашади
Мамлакат банк тизимини ислоҳ қилиш, эркинлаштириш ва барқарорлигини ошириш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан биридир.
Ўзбекистон Банк-молия академиясида Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банк мутахассислари, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Молия институти, Солиқ академияси олимлари, профессор-ўқитувчилари, илмий ходим-изланувчилар, тингловчилар иштирокида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги "Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак" номли маърузаси чуқур ўрганилди ҳамда истиқболдаги вазифалар муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси лойиҳаси ҳозирга қадар юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат ва жамият ривожини янги босқичга кўтариш, ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш мақсадида ишлаб чиқилгани таъкидланди. Пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш, солиқ юкини камайтириш ва солиққа тортиш тизимини соддалаштириш, янги турдаги суғурта хизматлари, хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб қилиш ва улардан самарали фойдаланиш масалаларида тақдимотлар ўтказилди.
Мамлакат банк тизимини ислоҳ қилиш, эркинлаштириш ва барқарорлигини ошириш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан биридир. Банк тизимини ислоҳ қилиш борасидаги дастурларда уларнинг барқарорлигини таъминлаш, қўшимча инвестицияларни жалб қилиш, фаолиятини халқаро стандартларга мувофиқ янада такомиллаштириш, кўрсатилаётган молиявий хизматлар ҳажмини янада кенгайтириш ҳамда аҳолининг уларга бўлган ишончини ошириш доимий эътиборда. Шу туфайли 2016 йилда мамлакатимиз иқтисодиётига 16,6 миллиард доллар миқдорида ёки 2015 йилга нисбатан 9,6 фоиз кўп инвестиция йўналтирилди. Умумий қиймати 5,2 миллиард доллар бўлган 164 йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилди.
Ҳаракатлар стратегияси лойиҳасида келтирилган айрим, хусусан, белгиланган нақдсиз ҳисоб-китоблар ҳажми ва қамровини ошириш борасидаги чора-тадбирлар иштирокчиларнинг алоҳида эътиборига сабаб бўлди. Бунда аҳолига муайян вақт давомида белгиланган лимит доирасида банк маблағлари ҳисобидан товар ва хизматлар учун тўловларни амалга ошириш имконини берувчи кредит карталарини муомалага киритиш, пластик карталар орқали ҳисобрақамларга масофадан хизмат кўрсатиш тизимларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, тўлов терминалларидан фойдаланганлик учун ижара тўлови миқдорини икки мартага қисқартириш, пластик картадан маблағларни бошқа картага ўтказиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун тарифларни камайтириш алоҳида қайд этилди.
Илмий-амалий семинарда Ҳаракатлар стратегияси лойиҳаси хусусида фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Банк-молия секторини ривожлантириш ҳисобига макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш, иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолиш бўйича амалий таклиф ва тавсиялар берилди.