Банк карталаридаги маблағларни нақдлаштириш улуши пасаймоқда
2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда нақд пул муомаласи ва умумий пул тушумлари сезиларли даражада ошди. Шу билан бирга, аҳоли томонидан банк карталаридаги маблағларни нақдлаштириш улуши пасайишда давом этмоқда.
Марказий банк маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь–март ойларида умумий пул тушумлари (нақд пул ва терминаллар орқали тушумлар) 316 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 35 фоизга ўсган. Бунда терминаллар ва мобил иловалар орқали амалга оширилган тўловлар улуши 43 фоиздан 47 фоизгача ошган. Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида эса ушбу кўрсаткич 51 фоизга етган.
Ҳисобот даврида банклар орқали нақд пул айланмаси 330 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 25 фоизга кўпайган. Шундан 166 триллион сўм банкларга тушган нақд маблағлар, 164 триллион сўм эса бериб юборилган нақд пул ҳиссасига тўғри келади.
Нақд пул тушумлари 34 триллион сўмга (26 фоизга) ошган бўлиб, бу асосан банк хизматлари, савдо ва пуллик хизматлар ҳажмининг кенгайиши билан изоҳланади.
2026 йил биринчи чорагида банк кассалари ва банкоматлар орқали жами 164 триллион сўм нақд пул берилган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 24 фоизга юқори.
Ўсишга асосан қуйидаги омиллар таъсир кўрсатган. Банк карталаридан нақд пул ечиш ҳажмининг 13 триллион сўмга ошиши, аҳолидан нақд чет эл валютасини сотиб олиш учун ажратилган маблағларнинг 11 триллион сўмга кўпайиши, омонат ҳисобварақларидан нақд пул ечиш ҳажмининг 6 триллион сўмга ортиши бунга асос бўлган.
Жорий йил биринчи чорагида банк карталарига тушумлар ҳажми ўтган йилга нисбатан 1,3 баробарга ошган. Шу билан бирга, карталардан нақд пул ечиш улуши пасайишда давом этмоқда.
Хусусан, ҳисобот даврида 71 триллион сўм маблағ нақдлаштирилган бўлиб, бу карталарга тушган умумий маблағларнинг 17 фоизини ташкил этган. Ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 2 фоиз бандга камайган.
Бу тенденция нақдсиз тўловлар улуши ортиб бораётгани, рақамли молиявий хизматлар кенгаяётгани билан боғлиқ.
Ш.Маматуропова,
ЎзА