Балиқчилик соҳасида янги босқич: Президент фармони тармоқни қандай ўзгартиради?
Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда.
Ана шу мақсадларга хизмат қилувчи муҳим ҳужжатлардан бири давлатимиз раҳбарининг жорий йил 2 июлдаги “Балиқчилик тармоғини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳисобланади.
Фармон балиқчилик соҳасини бошқариш тизимини тубдан янгилаш, интенсив технологияларни кенг жорий этиш орқали янги ривожланиш босқичини бошлаб бермоқда. "Ўзбекбалиқсаноат" уюшма раиси ўринбосари Камолхўжа Исмоилхўжаев билан суҳбатимиз шу хусусда кечди.
— Балиқчилик соҳасини ривожлантиришга қаратилган янги фармоннинг аҳамияти ҳақида тўхталсангиз.
—Бу фармонни оддий тартибга солувчи ҳужжат сифатида эмас, балки балиқчилик тармоғини бошқаришнинг янги моделини белгилаб берувчи стратегик ҳужжат сифатида баҳолаш мумкин. Унда фақат балиқ етиштириш ҳажмини ошириш эмас, балки бошқарув, молиялаштириш ва кадрлар тайёрлаш каби бутун тизим қамраб олинган.
— Фармонда 500 минг тонна балиқ етиштириш вазифаси қўйилган. Бу реал мақсадми?
— Албатта, бу катта кўрсаткич. Аммо унинг асосида экстенсив эмас, интенсив ривожланиш турибди. Илгари кўпроқ янги сув ҳавзаларини ташкил этишга эътибор қаратилган бўлса, энди мавжуд сув ресурсларидан юқори самара билан фойдаланиш устувор вазифага айланмоқда.
Интенсив технологиялар, замонавий озиқлантириш тизимлари, аэрация ускуналари ва рақамли назорат воситалари бир гектардан олинадиган ҳосилдорликни бир неча баробар ошириш имконини беради.
— Балиқчиликни ривожлантириш маркази ташкил этилиши нимани ўзгартиради?
—Ҳозиргача соҳада турли вазифалар бир нечта идора ўртасида тақсимланган эди. Бу айрим ҳолларда мувофиқлаштиришда қийинчиликларни келтириб чиқарарди. Янги марказ эса соҳада ягона координатор вазифасини бажаради. Сув объектларини ҳисобга олиш, инвестицияларни жалб қилиш ва таҳлил ишлари бир тизимга келтирилади.
— Электрон аукцион ва “e-baliq” платформаси қандай аҳамиятга эга?
—Бу икки механизм фармоннинг энг муҳим янгиликларидан ҳисобланади.
Электрон аукционлар сув объектларини ижарага беришда очиқлик ва адолатни таъминлайди. “e-baliq” платформаси эса балиқ етиштириш, сув сарфи, озуқа истеъмоли, технологиялар ва ишлаб чиқариш кўрсаткичларини ягона рақамли базага жамлайди.
Бу маълумотлар асосида давлат ҳам, тадбиркор ҳам тезкор қарор қабул қила олади. Шу билан бирга, статистиканинг аниқлиги ва соҳадаги шаффофлик сезиларли даражада ошади.
— Фармонда давлат томонидан берилаётган имтиёзлар хусусида нима дейсиз?
—Давлат қўллаб-қувватлаши комплекс шаклда ташкил этилган. Субсидиялар, имтиёзли кредитлар, кредит кафолатлари, қуёш панеллари учун компенсациялар, ёпиқ сув айланма тизимларини жорий қилишга молиявий ёрдам, наслли балиқ импорт қилиш харажатларини қоплаш каби чоралар тадбиркорларнинг инвестиция қилиш иштиёқини оширади.
Энг муҳими, бу маблағлар ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга хизмат қиладиган технологияларга йўналтирилган.
— Фармонда кадрлар тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор берилган. Бу қанчалик муҳим?
—Замонавий балиқчилик фақат сув ҳавзасига чавоқ ташлаш билан чекланмайди. Бугунги кунда биотехнология, генетика, ветеринария, сув сифати мониторинги ва рақамли бошқарувни яхши биладиган мутахассислар талаб этилмоқда.
Шу нуқтаи назардан, хорижий университетлар билан қўшма факультетлар ташкил этиш, мутахассислар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини кучайтириш соҳанинг келажаги учун жуда муҳим қарор ҳисобланади.
— Умуман олганда, мазкур фармондан қандай натижалар кутиш мумкин?
—Агар фармонда белгиланган чора-тадбирлар тўлиқ амалга оширилса, балиқчилик Ўзбекистон аграр иқтисодиётининг энг жадал ривожланаётган тармоқларидан бирига айланиши мумкин.
Бу аҳолини сифатли озиқ-овқат билан таъминлаш, импорт ўрнини босиш, экспорт салоҳиятини ошириш, қишлоқ жойларда янги иш ўринлари яратиш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА