Баҳодир Исо – шеъриятда ўз овозига эга ижодкор
Ўзбек адабиётида шундай ижодкорлар борки, уларнинг шеърларида ҳаётнинг оддий манзаралари орқали инсон қалбининг мураккаб кечинмалари, жамиятнинг оғриқли нуқталари ва одамлар ўртасидаги муносабатлар намоён бўлади. Фарғона адабий муҳитида ўз ўрнига эга бўлган шоир Баҳодир Исо ана шундай ижодкорлардан бири эди. Унинг шеъриятида халқона нигоҳ, самимият, нозик киноя ва ҳаёт ҳақиқатини яширмай айтишга интилиш мужассам.
Баҳодир Исо 1956 йилда Фарғона вилоятининг Риштон туманидаги Дўтир қишлоғида туғилди. 1977 йилда Фарғона педагогика институтини тамомлади. Бироқ унинг ҳаёт йўли, асосан, адабиёт ва санъат билан чамбарчас боғланди. Шоирнинг шеърлари ва достонлари Республика матбуоти ҳамда турли адабий тўпламларда чоп этилди. 1988 йилда нашр этилган «Хайрли тун» шеърий тўплами уни кенг китобхонларга танитди.
Риштон тумани Маданият марказида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, “Шуҳрат” медали соҳиби, таниқли шоир Баҳодир Исо таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан хотира кечаси ташкил этилди.
Хотира кечасида шоирнинг замондошлари, ижодкорлар, дўстлари ва оила аъзолари унинг инсоний фазилатлари, адабиётга садоқати, ёш авлод тарбиясидаги хизматлари ҳамда унутилмас хотиралари билан ўртоқлашди. Шоирнинг бетакрор ижоди, самимий шеърлари ва маънавий мероси бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаганлиги алоҳида таъкидланди.
– Баҳодир Исо ижодининг ўзига хос жиҳатларидан бири катта фикрни қисқа, баъзан эса кутилмаган образ орқали ифодалай олиш маҳоратидир. Унинг айрим шеърларида бир-икки сатрнинг ўзиёқ ўқувчини ўйга толдиради. Шоир узундан-узоқ изоҳ бериш ўрнига, ҳаётда кўп учрайдиган ҳолатни ихчам ифодада акс эттириб, хулосани китобхоннинг ўзига қолдиради, – дейди Фарғона давлат университети профессори, филология фанлари доктори Сиддиқ Мўмин. – Баҳодир Исо шеърларида инсоннинг заифлиги, нодонлик, сохталик ва ҳаётдаги адолатсизликлар баъзан кулги, баъзан аччиқ киноя орқали фош этилади. Унинг бундай услуби китобхонни бефарқ қолдирмайди. Чунки шоир танлаган мавзулар ҳаётдан узилмаган, одамлар ҳар куни дуч келадиган воқеа-ҳодисалар билан боғлиқ. Айни пайтда унинг ижодини фақат ҳажв ва киноя билан чеклаш тўғри бўлмайди. Баҳодир Исо лирик кечинмаларни, севги ва умр ҳақидаги ўйларни ҳам ўзига хос оҳангда ифодалаган. Унинг шеърларида инсон қалбининг нозик туйғулари билан ҳаётнинг аччиқ ҳақиқатлари ёнма-ён келади.
Кейинги йилларда нашр этилган китоблари орасида «Одамлар ичидан одам изладим», «Яхшилар бор, яхшиям», «Отам кутган кунлар», «Муҳаммад Юсуф», «Куй тили» ва «Қишлоқдаги шоир» каби тўпламлар бор. Бу китобларнинг номлариёқ шоирни инсон, унинг маънавий олами, ҳаёт тажрибаси ва адабиёт тақдири каби мавзулар қизиқтирганини англатади.
Баҳодир Исо 2025 йил 25 февралда, 69 ёшида вафот этган.
Тадбир давомида ўқувчи-ёшлар томонидан шоир шеърларидан намуналар ўқилди, унинг ижодига бағишланган чиқишлар намойиш этилди. Ушбу кечада шеърият ва хотира уйғунлашди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА