Бағдодда электр таъминоти барқарорлиги оширилмоқда
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 8 октябрдаги «Алоҳида туман (шаҳар) ва маҳаллаларни аҳолининг яшаши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун намунали ҳудудга айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида Фарғона вилояти Бағдод туманида электр таъминоти инфратузилмасини модернизация қилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Хусусан, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини сифатли ҳамда барқарор электр энергияси билан таъминлаш мақсадида «Янги ҳаёт» подстанциясининг қуввати оширилди.
Подстанциядаги 4 минг кВА қувватли куч трансформатори 6,3 минг кВАли, 2,5 минг кВА қувватли трансформатор эса 4 минг кВАли янги трансформаторларга алмаштирилди.
Натижада подстанциянинг умумий қуввати 6,5 минг кВАдан 10,3 минг кВАга етказилиб, қўшимча 3,8 минг кВА қувват яратилди.
Мазкур ишлар электр тармоқларидаги юкламани камайтириш, қувват танқислигининг олдини олиш ҳамда куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни барқарор электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилади.
[gallery-32353]
Шунингдек, подстанция қувватининг оширилиши ҳудудда янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ва электр энергиясига ортиб бораётган талабни қондириш учун қўшимча имконият яратади.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА