Бадантарбия – саломатлик гарови
Ҳар бир инсон ўз имкониятларидан келиб чиқиб, спорт билан шуғулланиб, жисмонан чиниқиб турса, саломатлиги учун жуда фойдали ҳисобланади. Ҳар куни эрталаб 15-20 дақиқалик жисмоний машқ ёки 40-60 дақиқа давомида очиқ ҳавода пиёда юриш фойдадан ҳоли эмас.
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар иштирокида эрталабки бадантарбия тадбири ташкил этилди.

Сўнгги йилларда юртимизда аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, оммавий спортни кенг тарғиб қилиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, жисмонан етук, соғлом авлодни тарбиялаш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб ўтказилган тадбирда институт профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлардан иборат 1000 нафарга яқин киши иштирок этди.

Буюк аждодимиз Абу Али ибн Синонинг: “Бадантарбия саломатликни сақлашда самарали усулдир” деган ҳикмати ҳар биримизнинг ҳаётимиздаги шиоримизга айлансагина келажак авлодларимизнинг комил инсон бўлишига замин яратган бўламиз. Олий ўқув юртида фойдаланишга топширилган замонавий спорт мажмуаси ва катта спорт майдони ушбу мақсадларга эришиш учун асосий база бўлиб хизмат қилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.