Ажрим ёқасидаги оилаларни яраштириш бўйича амалий чоралар кўрилмоқда
Мустаҳкам жамият тинч ва фаровон оилалардан ташкил топади. Оила муқаддас қўрғон бўлиб, унинг мустаҳкамлиги жамият барқарорлигининг муҳим омилларидан биридир. Шу боис, оилавий ажримларнинг олдини олиш, оилаларда соғлом маънавий-руҳий муҳитни қарор топтириш ҳамда оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 5 январдаги “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда оилаларни мустаҳкамлаш ва оилавий ажримларнинг олдини олишга қаратилган туман “Йўл харитаси” ижросини таъминлаш мақсадида Яккасарой тумани Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда ажрим ёқасига келиб қолган беш нафар оиланинг ҳолати атрофлича муҳокама қилиниб, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан фикр алмашилди.
Муҳокамаларда туман масъуллари ҳамда диний идора вакили иштирок этди.

Қувонарлиси шундаки, комиссия аъзолари ҳамда психолог-медиаторлар томонидан олиб борилган тушунтириш ва яраштириш ишлари натижасида икки нафар оила яраштирилди. Қолган уч нафар оилага эса муносабатларни тиклаш, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш бўйича зарур тавсия ҳамда маслаҳатлар берилиб, оилаларни сақлаб қолиш юзасидан тегишли чоралар белгиланди.
Оилаларни асраб-авайлаш, ажримларнинг олдини олиш ва фарзандлар манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги бундай амалий ишлар изчил давом эттирилиши ғоят муҳим. Шундагина ислоҳотлар ижобий самарасини беради.
Шербек Исломов,
ЎзА