Аждодлар хотирасига эҳтиром кўрсатилди
Инсон бор экан, хотира — муқаддас. Мамлакатимизда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошлар хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизни қадрлаш, оғир синовли кунларда ҳам ўзлигини йўқотмаган, иймони бутун инсонларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш миллий қадрият даражасига кўтарилган.
Халқ хотирасида мустаҳкам ўрин олган ўша машъум йиллар ёди бугунги тинч ва фаровон ҳаёт қадрини янада чуқур англашга, келажакка ишонч билан қараш ҳамда ўтмишдан тўғри хулоса чиқаришга даъват этади.
Мана шу улуғ айём кунларида юртимизда, аввало, уруш майдонларидан қайтмаган минг-минглаб юртдошлар хотираси ёд этилиб, уларнинг руҳи покига ҳурмат бажо келтирилмоқда. Шу муносабат билан 9 май — Хотира ва қадрлаш куни мамлакатимизда энг улуғ ва энг азиз байрамлардан бири сифатида кенг нишонланмоқда.
Сирдарё вилояти маркази — Гулистон шаҳрида ҳам ушбу сана муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтди. Тадбир Хотира хиёбонида ташкил этилди. Унда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари, ҳарбий хизматчилар, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбийларнинг оила аъзолари, Қуролли Кучлар фахрийлари, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
[gallery-29308]
Маросим аввалида иштирокчилар ҳарбий оркестр садолари остида “Мотамсаро она” ҳайкали пойига вилоят ҳокимлиги, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари, йирик корхона ва муассасалар ҳамда жамоатчилик вакиллари номидан гулчамбарлар ва гулдасталар қўйиб, уруш қурбонлари хотирасига чуқур эҳтиром изҳор этдилар. Шундан сўнг, Миллий гвардия Сирдарё вилояти бошқармасига қарашли отлиқ бўлинмалар ҳамда чавандозлар мактаби ўқувчилари иштирокида отлар паради намойиш этилди.
– Хотира ва қадрлаш куни фақат ўтмишни ёд этиш эмас, балки аждодларимизнинг жасоратидан сабоқ олиб, бугунги тинч ҳаёт қадрини англаш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш кунидир. Урушда ҳалок бўлган юртдошларимизнинг хотираси абадий, уларнинг жасорати халқимиз қалбида мангу яшайди. Бугунги осойишта ҳаёт учун биз улар олдида доимо қарздормиз, – деди тадбирда иштирок этган Мудофаа ишлари бошқармаси ҳузуридаги Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги майор Бурхон Абдуалимов.
Маълумки, Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистон аҳолиси 6,5 миллион нафарни ташкил этган бўлиб, шундан 1 миллион 433 минг нафар юртдошимиз фронтга сафарбар қилинган. Уларнинг 450 мингдан ортиғи урушдан қайтмаган, 130 мингдан зиёди эса бедарак кетган.
Бу рақамлар урушнинг нақадар оғир ва вайронкор бўлганини, деярли ҳар бир оила бу фожиадан бевосита жабр кўрганини яна бир бор яққол намоён этади.
Энг муҳими, Хотира ва қадрлаш куни — бу шунчаки тақвимдаги сана эмас, балки миллатнинг ўз тарихи, юрт озодлиги ва тинчлиги йўлида жасорат ҳамда матонат кўрсатган аждодлари хотирасига юксак эҳтиром ифодасидир. Шу боис бугун ва эртага вилоятнинг барча ҳудудларида меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олиш, нуронийларни йўқлаш, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт орти меҳнат фахрийларини эъзозлаш, хотира тадбирлари ҳамда маънавий-маърифий учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА