“Айтим”да сайёр қабул ташкил этилди
Навоий вилояти Учқудуқ туманининг “Айтим” маҳалла фуқаролар йиғинида Навоий вилояти Адлия бошқармаси бошлиғи Аъзамжон Сарабеков иштирокида сайёр қабул ташкил этилди.
“Айтим” МФЙ Навоий вилояти марказидан 300 километр узоқликда жойлашган. Бу ерда 1535 та хонадонда 5700 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилиб, аосан чорвачилик билан шуғулланади.
Учқудуқ туман ҳокими, сектор раҳбарлари, халқ қабулхонаси вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ташкилот ва корхоналар раҳбарлари иштирок этган сайёр қабулда ижтимоий ҳимояга муҳтож, “Aёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган хотин-қизлар ва ёшлар билан якка суҳбатлар ўтказилиб, муаммоларини ижобий ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилди.

– Шу маҳаллада яшайман, адлия ходимларидан кўп ёрдам олганмиз, – дейди О.Раҳимова. – Бола пули олдим, қайнонамни иш стажини тикладик. Бугунги сайёр қабулда ҳам ҳамма саволларимга жавоб топдим ва давлат хизматларидан фойдаландим.
Сайёр қабулда аҳоли вакилларининг 60 дан ортиқ мурожаати тингланиб, уларга ечим изланди. Сайёр тартибда 20 га яқин ФҲДЁ ва давлат хизматлари кўрсатилди. Жумладан, 3 нафар фуқаро наркология диспансеридан, 3 нафари руҳий касалликлар шифохонасидан, 1 нафар фуқаро кадастр маълумотлари олишда давлат хизматларидан фойдаланди. 3 нафар фуқарога туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома расмийлаштириб берилди. Мурожаатларга кўра, сайёр қабул иштирокчиларига электрон рақамли имзо калити олиб беришда кўмаклашилди.

Шунингдек, бандлик, пенсия таъминоти, меҳнат ва оилавий муносабатлар, солиқ тўловлари, ногиронликни белгилаш, иш стажини тиклаш ва имтиёзли шартларда нафақага чиқиш сингари бир қатор масалаларда мурожаат қилган фуқароларнинг 35 дан ортиқ мурожаатлари юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилган бўлса, 15 га яқин мурожаат адлия органлари томонидан иш юритувига қабул қилинди.
Абдували Бўриев, ЎзА