Аёллар – миллий ва маънавий қадриятлар юксалишининг таянчи
Жамият ҳаётининг турли жабҳаларида аёл-қизларнинг ўрни тобора ортиб бормоқда. Жорий йилнинг 10 июнь куни Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида ўтказиладиган “Миллий ва маънавий қадриятларнинг юксалишида аёлларнинг ўрни” номли Республика илмий-амалий конференциясида ҳам ушбу мавзу юзасидан олимларнинг кенг ва атрофлича фикр алмашиши кўзда тутилган.
Анжуман хусусида Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси профессори, “Араб тили ва адабиёти ал-Азҳар” кафедраси мудири Разия Матибаева ЎзА мухбирига қуйидаги фикрларни билдирди:
–Янгиланиш сари дадил одимлаб бораётган мамлакатимизда аёл-қизларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, уларни кучли ижтимоий ҳимоялаш, айниқса олий таълимга қамраб олиш, илм-фанга умрини бағишлаган аёлларни фаол қўллаб-қувватлаш масаласига устувор вазифа сифатида эътибор қаратилмоқда.
Жорий йилнинг 10 июнь куни ўтказиладиган “Миллий ва маънавий қадриятларнинг юксалишида аёлларнинг ўрни” мавзусида ўтказиладиган Республика илмий-амалий анжуманида академия ва бошқа олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилар ва олималар ўз маърузалари ҳамда илмий мақолалари билан иштирок этади.

2015 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур конференция ҳар йили юзлаб ижодкор ва тадқиқотчи хотин-қизларни бир майдонга жамлаб келмоқда. Унинг асосий мақсади хотин-қизларнинг илмий ва ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг изланишларини кенг жамоатчиликка етказиш ҳамда янги истеъдод соҳиблари, олималарни кашф этишдан иборат.
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Миллий ва маънавий қадриятларнинг юксалишида аёлларнинг ўрни» мавзусидаги Республика илмий-амалий конференцияси бугунги кунга келиб, шунчаки илмий йиғин эмас, балки жамиятимизда мустаҳкам ўрин эгаллаган интеллектуал ва маърифий минбарга айланди.
Шиддатли глобаллашув жараёнлари, мураккаб мафкуравий таҳдидлар ва қадриятлар трансформацияси кучайган ҳозирги даврда мазкур анжуманнинг илмий-ижтимоий ва стратегик аҳамияти ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.
Ушбу конференция, аввало, давлат сиёсати ва илмий тадқиқотларнинг амалий-маърифий майдони сифатида муҳим ўрин тутади. Янги Ўзбекистон шароитида хотин-қизларнинг жамиятдаги сиёсий-ижтимоий мақомини юксалтириш ва оила институтини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Анжуман Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонларида белгиланган стратегик вазифалар ижросини таъминлаш, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун яратилаётган институционал пойдеворни чуқур илмий таҳлил қилиш учун муҳим муҳокама майдони бўлиб хизмат қилади.
Бугунги кунда миллий парламентимизда аёллар улуши 35–36 фоизга етгани, олий таълимда таҳсил олаётган талаба қизлар қамровининг 54 фоиздан ошгани, илм-фан соҳасида эса 6 мингдан ортиқ олима самарали меҳнат қилаётгани ҳамда «Аёллар дафтари» тизими орқали юз минглаб хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари ечим топаётгани — буларнинг барчаси анжуман доирасида социологик, ҳуқуқий ва педагогик нуқтаи назардан таҳлил қилиниши лозим бўлган амалий натижалар.
Стажёр-тадқиқотчилар ва докторантурада таҳсил олаётганларнинг ҳам 61 фоизи хотин-қизлардан иборат экани мамлакатимизда илм-фан соҳасида аёлларнинг ўрни тобора мустаҳкамланаётганини кўрсатади. Бугунги ўзбек аёли нафақат хонадон бекаси, балки давлат бошқаруви, илм-фан ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришдаги етакчи кучдир.
Анжуман шунингдек, тарихий ворислик ва жадидлар маърифатининг замонавий кўзгуси сифатида ҳам аҳамиятли.
Глобаллашув ва рақамли трансформация чорраҳасида турган бугунги замонда конференция ўз мавзулар кўлами билан ҳам аҳамиятли. Ислом манбаларида аёлнинг ҳуқуқий мақоми ва бадиий адабиётда она образи каби анъанавий йўналишлар билан бир қаторда, биотехнологиялар, сунъий интеллект, IT (STEM) ва инновацион иқтисодиёт соҳаларида аёлларнинг ўрни тадқиқ этилаётгани анжуманнинг замонавий талабларга тўлиқ ҳамоҳанг эканидан далолат беради. Замонавий Шарқ аёли бир қўлда бешикни тебратиб, оилавий қадриятларни асраса, иккинчи қўлда илм-фан ва технологиялар бўйича юксак чўққиларни забт этмоқда. Бу анъана ва инновациянинг мукаммал уйғунлигидир.
Конференция «устоз-шогирд» анъанасининг амалдаги ёрқин намунасидир. Унда тажрибали академик ва профессорлар билан бир қаторда докторантлар, магистрантлар ҳамда илм-фанга илк қадам қўяётган иқтидорли талаба-қизларнинг иштироки авлодлар узвийлигини таъминлайди. Педагог-олималар ўз шогирдларига нафақат илмий кўникмаларни, балки миллий ғурур ва ижтимоий масъулият туйғуларини сингдириб, келажакнинг интеллектуал авлодини камолга етказмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мазкур анжуман хотин-қизларнинг интеллектуал, ижодий ва лидерлик салоҳиятини рўёбга чиқарувчи, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратаётган Янги Ўзбекистоннинг маънавий негизларини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи стратегик аҳамиятга молик илмий тадбир. Унинг материаллари социологлар, тарихчилар, диншунослар ва кенг жамоатчилик учун бебаҳо илмий-амалий манба бўлиб қолаверади.
ЎзА мухбири Н.Усмонова ёзиб олди.