Ахборот технологиялари ёрдамида содир этилаётган жиноятлар учун жавобгарлик жорий этилмоқда
Мобиль қурилмалар ҳамда ижтимоий тармоқ ва мессенжерлардаги аккаунт ёки каналларга зарарли дастур юбориш йўли билан блоклаб (тўсиб) қўйиш ҳолатлари йўқ эмас.
Маълумотларини ўчириб юбориш, ўзгартириш ёки олиб қўйиш билан қўрқитиб шахслардан пул ёки бошқа моддий манфаатдорлик талаб қилишдек тубанликлар кузатилмоқда.
Шунингдек, махсус дастурлар ёрдамида шахсларнинг фотосурати, овози ва бошқа биометрик маълумотларини сохталаштириш ҳолатлари ҳам учрамоқда.
Шу боис, Жиноят кодексидаги (165-модда) товламачилик тушунчасига ўзгартириш киритилиб, шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик учун ҳам жавобгарлик белгиланмоқда.
Сенатнинг қирқ еттинчи ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун шу мақсадда ишлаб чиқилган.

Бундан ташқари, хориждан олиб келинаётган ёки блокланган уяли алоқа қурилмаларига маълум бир ҳақ эвазига ўзгаларнинг IMEI кодларини кўчириб бериш ҳолатлари кўпайиб бормоқда.
Ҳозирда биргина IMEI кодида 5 минг 11, яна бошқа бир IMEI кодида эса 2 минг 347 SIM-карталар бир вақтда фаол ҳолатдалиги аниқланган.
Қонунчиликда бундай ҳаракатларни содир этган шахсларга нисбатан бирон-бир ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш белгиланмаган.
Шу сабабли, қонунчиликдаги мазкур бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мобиль қурилманинг халқаро ўзига хос идентификация кодини ёки абонент қурилмасининг идентификациялаш модулини қонунга хилоф равишда ўзгартирганлик учун маъмурий жавобгарлик киритилмоқда.
Шу билан бирга, Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларда крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузганлик ҳамда майнинг фаолиятини қонунга хилоф равишда амалга оширганлик учун тегишли жавобгарлик назарда тутилмоқда.
Ноқонуний крипто-активлар айланмаси ва майнинги билан шуғулланганлар ушбу жиноят ҳақида ўз ихтиёри билан арз қилган ва уни фош этишда ёрдам берган ҳолларда жиноий жавобгарликдан озод қилиниши сенаторлар томонидан қайд этилди.
Н.Абдураимова, ЎзА