Автомобилсозлик кўргазмаси миллий саноат занжирларини белгилайди
Жиззахда жорий йилнинг 29-30 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган автомобилсозлик саноати соҳасидаги “Миллий саноат занжири” кўргазмаси маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги кооперация алоқаларини йўлга қўйиш ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ўзлаштириш учун муҳим мулоқот майдонига айланади.
Тадбирнинг Жиззахда ўтказилиши бежиз эмас. Бугун вилоятда автомобилсозлик саноатининг қатор йирик корхоналари фаолият юритмоқда. Хусусан, “ADM Jizzakh”да Kia Sonet ва Kia K3 автомобиллари, шунингдек, автомобиль кузов қисмлари, штампланган деталлар, бамперлар, эшик қопламалари, консоль, рейлинг ва ўриндиқлар каби маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. “BYD Uzbekistan Factory”да эса электромобиль ва гибрид автомобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Бу ҳақда Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги маълумот берган.

Замонавий автомобилсозлик бу фақат тайёр автомобиль эмас. Унинг ортида металл, пластмасса, резина, электр жиҳозлари ва бошқа кўплаб бутловчи қисмларни етказиб берувчи корхоналарнинг яхлит занжири бор. Кўргазманинг муҳим вазифаси ана шу занжирда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар улушини оширишдан иборат.

“Йўл харитаси”га мувофиқ, мамлакатнинг 14 та ҳудудидан автомобилсозлик тизими корхоналарига 5029 турдаги маҳсулот бўйича хизмат кўрсатаётган 361 та маҳаллий етказиб берувчи корхона таҳлил қилинган. Улар орасида автомобиль компонентлари, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар, электр жиҳозлари, пластмасса ва резина буюмлар, металл ва қуйма деталлар ишлаб чиқарувчилар бор. Кўргазма уларни тармоқ корхоналари билан тўғридан-тўғри боғлаш учун амалий майдон вазифасини ўтайди.
Эътиборли жиҳати, тадбирда ҳозир импорт қилинаётган эҳтиёт ва бутловчи қисмлар ҳамда агрегатларни маҳаллийлаштириш имкониятлари ҳам муҳокама қилинади. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан “офтейк” шартномалар ва меморандумлар тузиш режалаштирилган.

Бу жараёнда электрон кооперация механизмлари ҳам муҳим аҳамият касб этади. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари, техник тавсифлари ва сифат кўрсаткичларини электрон кооперация порталида жойлаштириш буюртмачи ва ишлаб чиқарувчи ўртасидаги алоқани кенгайтиришга хизмат қилади.

Кўргазмада маҳсулот ишлаб чиқариш билан бир қаторда унинг сифати ва рақобатбардошлиги масаласига ҳам эътибор қаратилади. Сертификатлаштириш, сифат стандартларини жорий этиш ва давлат харидларида иштирок этиш бўйича амалий кўмак кўрсатувчи ташкилотлар махсус ахборот майдонларида иштирок этади.

Автомобилсозликнинг келажаги эса замонавий технология ва малакали кадрлар билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис кўргазма доирасида олий таълим муассасалари ва техникумлар билан таълим, дуал таълим дастурлари бўйича ҳамкорлик меморандумлари имзоланиши кўзда тутилган. Электромобиль компонентлари, аккумулятор тизимлари, енгил материаллар, автоэлектроника, илмий-тадқиқот ишланмалари ва саноат стартаплари ҳам намойиш этилади.

Жиззахдаги икки кунлик кўргазма маҳсулотлар намойишидан кўра кенгроқ вазифани бажаради. Унда ишлаб чиқарувчи ва буюртмачи ўртасида янги ҳамкорлик нуқталари белгиланиб, маҳаллийлаштириш ва саноат кооперациясини кенгайтиришга қаратилган аниқ келишувлар учун замин яратилади. Кўргазма якунлари бўйича имзоланган харид ва “офтейк” шартномаларининг таҳлил қилиниши эса унинг амалий натижаларини кўрсатиб беради.

Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири