Автомобилсизлик: Янги босқич сари
Жиззах вилояти мамлакат автомобилсозлик саноати тарихида янги саҳифа очди. “ADM Jizzakh” автомобил ишлаб чиқариш корхонаси ҳамда Хитойнинг етакчи автомобил ишлаб чиқарувчиларидан бири — “China Changan Automobile Group Co., Ltd.” компанияси ҳамкорлигида Ўзбекистонда илк бор “Changan UNI-E” русумли электр автомобилини тўлиқ технологик цикл асосида ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.

Тантанали маросимда икки компания раҳбарияти, Жиззах вилояти ҳокимлиги вакиллари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этишиб, янги моделнинг биринчи серияси ишлаб чиқарилишига старт беришди. Ушбу лойиҳа мамлакатимизда замонавий автомобилсозликни янги босқичга олиб чиқиш, электр транспорт воситалари ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш ва инновацион технологияларни кенг жорий этиш йўлидаги муҳим қадам сифатида эътироф этилмоқда.

Лойиҳанинг энг муҳим жиҳати шундаки, электр автомобиллари мамлакатимизда биринчи марта тўлиқ технологик цикл асосида ишлаб чиқарилади. Жараён кузовни пайвандлаш, бўяш, йиғиш ва якуний синовдан ўтказиш босқичларини тўлиқ қамраб олади. Бу эса маҳаллийлаштириш даражасини янада ошириш, юқори малакали янги иш ўринларини яратиш ҳамда илғор саноат технологияларини мамлакатимизга кенг жорий этиш учун мустаҳкам замин яратади.

Стратегик ҳамкорлик доирасида келгусида “Changan” брендининг яна бир қатор инновацион, энергия тежамкор ва экологик тоза автомобилларини ишлаб чиқариш ҳам режалаштирилган. Бу ички бозорни рақобатбардош ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш баробарида экспорт салоҳиятини ҳам сезиларли даражада кенгайтириш имконини беради.
Мутахассислар фикрича, мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши нафақат Жиззах вилояти, балки бутун Ўзбекистон автомобилсозлик саноати учун янги истиқболларни очади. Айни пайтда мамлакатимизни Марказий Осиёда электр автомобилларини ишлаб чиқариш бўйича йирик саноат марказларидан бирига айлантириш йўлида мустаҳкам пойдевор вазифасини бажаради.

Эътиборли жиҳати шундаки, бу каби йирик саноат лойиҳалари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш билан чекланмайди. Улар мамлакат иқтисодиётига юқори технологияларни олиб кириш, саноат кооперациясини кенгайтириш, муҳандислик мактабини ривожлантириш ва маҳаллий кадрларнинг замонавий компетенцияларини шакллантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Шу маънода, “ADM Jizzakh” ва “China Changan Automobile Group Co., Ltd.” ўртасидаги ҳамкорлик икки мамлакат ўртасидаги саноат кооперациясини янада мустаҳкамлаш, юқори технологияли ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда Ўзбекистоннинг жаҳон автомобилсозлик бозоридаги рақобатбардош ўрнини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Бугун Жиззахда бошланган мазкур лойиҳа бир корхона фаолиятининг кенгайиши билан чекланмайди. У миллий автомобилсозликнинг янги тараққиёт босқичига қадам қўяётганини, Ўзбекистон юқори технологияли саноатни ривожлантириш ва “яшил” иқтисодиётни қарор топтириш йўлида қатъий ҳаракат қилаётганини намоён этади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири