Автомобилда юк ва йўловчиларни халқаро ташишга рухсатномаларни айирбошлаш тартиби белгиланди
2026 йил 25 мартдаги 114-сон Ҳукумат қарори билан “Автомобилда юк ва йўловчиларни халқаро ташишга рухсатномаларни айирбошлаш, бериш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди.
Ушбу Низом автомобилда юк ва йўловчиларни халқаро ташишга рухсатномаларни айирбошлаш, бериш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.
Мазкур Низомнинг амал қилиши миллий ва хорижий ташувчиларга татбиқ этилади. Низомга кўра, Ўзбекистон рухсатномаларида автомобилда юк ва йўловчиларни халқаро ташиш турлари ва улардан фойдаланиш шартлари кўрсатилади.
Ўзбекистон ва хорижий рухсатномалар қуйидаги асосий турларга бўлинади:
– икки томонлама/транзит юк ташиш учун;
– учинчи давлатга/дан юк ташиш учун;
– универсал (икки томонлама, транзит ва учинчи давлатга/дан юк ташиш);
– икки томонлама юк ташиш учун;
– транзит юк ташиш учун;
– икки томонлама қатновларда йўловчиларни номунтазам ташиш учун;
– транзит қатновларда йўловчиларни номунтазам ташиш учун.
Автомобилда йўловчиларни халқаро мунтазам ташишлар Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатнинг ваколатли органлари ўртасидаги келишув бўйича ташкил этилади.
ЎзА