Австрия билан ҳамкорликда туризм соҳаси учун етук мутахассислар тайёрланади
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги, Бухоро давлат университети, Наманган давлат техника университети масъулларидан иборат ишчи гуруҳ Австриянинг Вена ва Кремс шаҳарларида муҳим келишувларга эришди.
Венада Бухоро давлат университети ва Наманган давлат техника университетларида Кремс университети (IMC) билан ҳамкорликда туризм ва меҳмонхона бошқаруви йўналишида қўшма факультетларни очиш бўйича ҳамкорлик ўрнатилди.

Ушбу дастур “3+1” форматида жорий этилиб, бунда юқорида кўрсатилган олий таълим муассасаларида уч йил ўқиган талабалар бир йил Кремс университетида ўқишини давом эттириб, Халқаро туризм бакалаври дипломига эга бўлади.
Австрия тажрибаси асосида Бухоро туризм ва маданий мерос техникуми ҳамда Наманганнинг Чортоқ тумани 1-сон техникуми негизида дуал таълим дастурлари жорий этиладиган Халқаро меҳмонхона бошқаруви мактаблари ташкил этилади.
Мазкур дастур “2+2” форматида жорий этилиб, биринчи босқичда талабалар икки йил касбий таълимдан сўнг туризм йўналишида ўқитилиб, Кремс университетининг туризм бўйича дипломига эга бўлади. Иккинчи босқичда бакалавр дипломига эга бўлган талабалар икки семестр меҳмонхона ва гастрономия йўналишида ўқитилиб, Кремс университетининг меҳмонхона бошқаруви дипломига эга бўлади.

Австриянинг Зоммеринг тоғ-чанғи курорт ҳудудида Ўзбекистондан 10 нафар туризм соҳаси мутахассислари учун қисқа муддатли малака ошириш курси ташкил қилинади.
Ўқув курси якунида иштирокчилар Австрия туризм мактаблари ва Халқаро туризм академияси сертификатларига эга бўлади.
Жорий йилнинг октябрь ойида Бухоро шаҳрида туризм бўйича халқаро симпозиум ўтказилади. Унинг доирасида Австрия мумтоз мусиқасига бағишланган маданий тадбир ташкил этилади.
Ҳозирда Кремс университети, Бухоро давлат университети ҳамда Наманган давлат техника университети ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг дастлабки амалий босқичлари бошланди.
Эришилган келишувларни амалга ошириш мақсадида май ойида Австрия делегациясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида янги босқичдаги ҳамкорлик шартномаси имзоланади.
Н.Абдураимова,
ЎзА