Атом энергетикаси соҳасидаги қонунчилик қандай такомиллаштирилмоқда? – Мутахассис жавоб берди
Атом энергетикасини хавфсиз ва самарали ривожлантириш, соҳани мустаҳкам ҳуқуқий асослар билан таъминлаш ҳамда халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатлари атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлаш, хавфсизлик талабларини янада кучайтириш ва тармоқни замонавий талаблар асосида ривожлантиришга хизмат қилади.
Хусусан, 2026 йил 21 апрелда қабул қилинган “Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун соҳадаги ҳуқуқий муносабатларни янада такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эга.
Мазкур қонуннинг мазмун-моҳияти, унда назарда тутилган ҳуқуқий янгиликлар ҳамда уларнинг атом энергетикаси соҳаси ривожидаги аҳамияти ҳақида "Ўзатом" агентлиги Юридик бўлими бошлиғи Маҳмуд Абдижалиев ЎзА мухбирига интервью берди:
– 2026 йил 21 апрелда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг ушбу қонуни мамлакатимизда атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасини янги босқичга олиб чиқишда муҳим ҳисобланади. Бу ҳужжат амалдаги қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар давлат бошқарувини такомиллаштириш, соҳани тизимли ривожлантириш ҳамда миллий қонунчиликни халқаро стандартларга уйғунлаштиришга қаратилган.
Бугунги кунда жаҳонда энергия ресурсларига бўлган талаб ортиб бораётгани, шунингдек, экологик барқарорлик масалалари долзарб аҳамият касб этаётгани атом энергетикасини стратегик йўналишлардан бирига айлантирмоқда. Ўзбекистон ҳам ушбу тенденциядан четда қолмаётгани, хусусан, атом электр станциясини қуриш бўйича амалга оширилаётган йирик лойиҳалар билан яққол намоён бўлмоқда. Шу нуқтаи назардан, мазкур қонуннинг қабул қилиниши ўз вақтидаги долзарб қарор сифатида баҳоланади.
Қонуннинг энг муҳим жиҳатларидан бири – атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини аниқлаштириш ва марказлаштиришдир. Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги ваколатли давлат органи сифатида мустаҳкамланиб, унинг ваколатлари сезиларли даражада кенгайтирилди.
Эндиликда Агентлик атом энергетикаси соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишда марказий ўринни эгаллайди. Хусусан, республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради, давлат ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади. Шунингдек, соҳада хавфсизликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тайёрлашда иштирок этиш, ўз ваколатлари доирасида соҳага оид норма ва қоидаларни ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш вазифалари ҳам Агентлик ваколатига киритилди. Бу эса атом энергетикаси соҳасида ягона ва мувофиқлаштирилган бошқарув тизимини шакллантириш, шунингдек, тармоқни комплекс ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий ва институционал асос яратади.
Агентлик ваколатларининг кенгайиши унинг амалий аҳамиятини ҳам оширмоқда. Жумладан, у атом энергетикаси объектларини жойлаштириш, лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилиш жараёнларида мувофиқлаштирувчи ва назорат қилувчи орган сифатида иштирок этади. Бу эса юқори хавф даражасига эга соҳада хавфсизлик талабларини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга ҳисобланади.
Шунингдек, ташкилот давлат дастурлари, соҳавий концепциялар ва инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда бош координатор вазифаси юклатилгани атом энергетикаси ривожини тизимли асосда ташкил этиш имконини яратади. Айниқса, атом электр станцияси қурилиши каби стратегик аҳамиятга эга лойиҳаларни самарали амалга оширишда бу омил муҳим аҳамият касб этади.
Қонун билан халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида ҳам “Ўзатом” агентлигининг ўрни мустаҳкамланди. У илғор технологиялар, хавфсизлик стандартлари ва хорижий тажрибани жалб этишда асосий институционал платформа сифатида иштирок этади. Бу эса миллий қонунчиликнинг халқаро ҳуқуқ нормаларига уйғунлашувини таъминлайди.
Бундан ташқари, радиация хавфсизлиги ва ядровий материаллар билан ишлаш устидан давлат назоратини кучайтириш масалалари ҳам мазкур қонун орқали янада мустаҳкамланди. Бу эса аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳит муҳофазасини таъминлашда муҳим кафолат ҳисобланади.
Қонунга киритилган ўзгартиришлар доирасида Энергетика вазирлигининг ваколатлари ҳам мустаҳкамланди. Эндиликда вазирлик атом электр станцияларида ишлаб чиқариладиган электр энергиясини ҳисобга олган ҳолда мамлакатнинг ягона энергия балансини шакллантиришда иштирок этади. Бу эса энергия манбалари ўртасида мутаносибликни таъминлаш ва энергетика тизимини комплекс ривожлантиришга хизмат қилади.
Умуман олганда, мазкур қонун атом энергетикаси соҳасида институционал ислоҳотларни чуқурлаштириш, ваколат ва масъулиятларни аниқ белгилаш ҳамда бошқарув самарадорлигини оширишга қаратилган муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Натижада соҳада ягона ва самарали бошқарув тизимини шакллантириш, инвестициявий жозибадорликни ошириш, йирик лойиҳаларни изчил амалга ошириш ва атом энергетикасининг барқарор ривожланишини таъминлаш учун мустаҳкам ҳуқуқий ҳамда институционал пойдевор яратилмоқда. Бу эса Ўзбекистоннинг узоқ муддатли энергетика стратегиясини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этади.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.