Аср билан тенгдош нуронийлар эъзозланди
Сайхунобод туманида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан 100 ёшдан ошган бир гуруҳ нуронийлар ҳолидан хабар олиниб, уларга эҳтиром кўрсатилди.
Умри давомида оиласи, фарзандлари ва эл-юрт равнақи учун меҳнат қилган кекса авлод вакиллари бугун ҳам хонадонларида дуогўй, фарзанд ва набираларига йўл-йўриқ кўрсатиб келаётган фахрий инсонлар сифатида қадрланади.
Туман ҳокими Комилжон Муллажанов ва туман прокурори Бекмурод Қурбонов бир асрдан зиёд умр кўрган отахон ва онахонларнинг хонадонларида бўлиб, уларнинг ҳолидан хабар олдилар. Суҳбат чоғида нуронийларни Мустақиллик байрами билан муборакбод этиб, уларга эзгу тилаклар билдирилди.

Ташриф доирасида кексаларга озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда байрам совғалари топширилди. Эътибор ва ғамхўрликдан мамнун бўлган нуронийлар юртимиздаги тинчлик-осойишталик, аҳоли фаровонлиги ва кейинги йилларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳақида илиқ фикрлар билдирдилар.

— Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин. Фарзандларимиз ва набираларимиз бахтли ҳаёт кечирсин. Юртимиз янада обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги юксалаверсин, — дея дуо қилдилар улар.

Мамлакатимизда кекса авлод вакилларига ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва муносиб турмуш шароитларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада амалга оширилаётган ишлар «Инсон қадри учун» тамойилининг ҳаётдаги амалий ифодасидир.

Сайхунобод туманида бир асрдан зиёд умр кўрган нуронийлар ҳолидан хабар олиниши ҳам ана шу эътиборнинг навбатдаги амалий намунаси бўлди. Зеро, кексаларни эъзозлаш, уларнинг дуосини олиш ва ҳаётий тажрибасини қадрлаш халқимизнинг азалий қадриятларидан биридир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири