Асоссиз тўловлар фош этилди
Тиббиёт муассасаларида хизмат сифати ва ҳисоб-китобларнинг тўғри юритилиши нафақат соҳа обрўси, балки аҳоли ишончи учун ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу боис, бу борадаги ҳар қандай қонунбузилишлар қатъий назоратга олинмоқда.
Рақобат қўмитасининг Наманган вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан Тўрақўрғон, Уйчи, Учқўрғон, Чортоқ ва Янгиқўрғон туман тиббиёт бирлашмаларида тиббиёт учун мўлжалланган ўлчаш ва синаш воситаларининг метрологик кўрикдан ўтказилганлиги, шунингдек, улардан беморларни кўрикдан ўтказиш жараёнида фойдаланилиши ҳолати юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди.
Олиб борилган ўрганишлар натижасида тиббиёт бирлашмалари томонидан фойдаланилаётган тиббий асбоб-ускуналар белгиланган муддатларда метрологик кўрикдан ўтказилмаган ҳолда хизматлар кўрсатилганлиги, шунингдек, нархномада ҳисобга олинган, аммо амалда ишлатилмаган материаллар учун истеъмолчилардан қарийб 300 млн сўм миқдорида асоссиз даромад олинганлиги ҳолатлари аниқланди.
Юқоридагиларга кўра, Ҳудудий бошқарма махсус комиссияси томонидан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг тегишли моддалари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг ушбу соҳада хизмат кўрсатиш асослари белгиланган қарорлари талаблари бузилиши юзасидан иш қўзғатилди. Ишни кўриб чиқиш якунига кўра, белгиланган тартибда истеъмолчилардан асоссиз олинган маблағларни қайта ҳисоб-китоб қилиш ва қайтариш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди.
Мазкур ҳолат тиббиёт соҳасида шаффофликни таъминлаш, хизматлар сифатини ошириш ва энг муҳими, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлидаги назорат ишлари изчил давом этаётганини кўрсатади.
Н. Раҳмонова, ЎзА