Аскарларнинг Ватанга қасамёди
Самарқанд вилоятининг Ургут туманидаги Давлат хавфсизлиги хизмати чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматга чақирилган аскарларнинг Ватанга қасамёд қабул қилиш маросими ўтказилди.
Тадбирда Чегара қўшинлари масъуллари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, аскарларнинг ота-оналари иштирок этди.
[gallery-28852]
Маросим аввалида мамлакатимиз Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари учун берилаётган имтиёз ва имкониятлар ҳақида сўз юритилди. Хусусан, муддатли ҳарбий хизматга жалб этилган аскарлар эндиликда армияда ҳарбий билим ва кўникмалар билан бирга касб-ҳунар, хорижий тилларни ўрганиши мумкинлиги, хизмат даврида олий ўқув юртига ўқишга кириш учун синовлар топшириш имконияти яратилгани қайд этилди. Хизматдан кейин ҳам улар жамиятда ўз ўринларини топишлари учун кенг имкониятлар яратилади.
Тадбирда бу йилги чақирув мавсумида муддатли ҳарбий хизматга жалб қилинган чақирилувчилар Ватанга қасамёд қилди.
Маросим қатнашчилари аскарларга бир йиллик хизматда муваффақият тилади.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари