Асарларни танлаб таржима қилмоқ керак
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Бадиий таржима кенгаши фаолиятининг 2020 йил якунларига бағишланган ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.
Таржимонлар, кенгаш аъзолари, ёзувчи ва шоирлар, журналистлар ҳамда талаба-ёшлар иштирокидаги тадбирни шоир ва таржимон Рустам Мусурмон олиб борди.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, журналист Аҳмаджон Мелибоев таржима машаққати ҳақида сўз юритди. Ўтган йили бадиий таржима соҳасида кўзга кўринарли ютуқлар қўлга киритилгани эътироф этилди.
Қайд қилинганидек, АҚШда Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романи инглиз тилида чоп этилгани энг аҳамиятли воқеалардан бири бўлди. Чўлпоннинг элликдан зиёд шеъри рус тилига таржима қилиниб, «Мгновения любви» номли тўплам нашр қилинди. Бу Чўлпоннинг рус тилида чоп қилинган биринчи тўпламидир. Усмон Азимнинг шеърлари, насрий ва драматик асарлари «Букет алых роз» номи остида нашр этилди, Москвада Бахтиёр Абдуғафурнинг «Узбечка» романи рус тилида эълон қилинди, Исажон Султоннинг «Боқий дарбадар» романи турк тилида Истанбулда, инглиз тилида АҚШда чоп этилди, Туркияда Наргиза Асадованинг шеърий тўплами босилди, Маъмура Зоҳидованинг «Садоқат» қиссаси инглиз тилида нашр этилди. Туркия, Россия, Украина, Беларусь адабий нашрларида Шойим Бўтаев, Қўчқор Норқобил, Хосият Рустамова, Нурилла Чори, Нодирабегим Иброҳимова, Азиз Саид каби қатор ўзбек ижодкорларининг шеър ва ҳикоялари эълон қилинди. «Рус адабиёти дурдоналари» 100 томлиги, «Туркий адабиёт хазинаси» 100 томлиги, «Қорақалпоқ адабиёти» 16 томлиги бўйича ишлар давом эттирилди.
Жаҳон адабиётидан ўзбек тилига қилинган катта асарлар таржимаси борасида ўтган йили инглиз ёзувчилари Ирвин Шоу ва Жен Эйр, немис адиблари Эрик Мария Ремарк ва Стефан Свейг, Нобел мукофоти совриндори Эрнест Хемингуэй, араб ёзувчиси Иброҳим ан-Носир ал-Ҳумайдон, қозоқ адибаси Дилфуза Ахан қизи, рус ёзувчиси Фёдор Достоевский романлари ўзбек ўқувчилари қўлига текканини айтиш лозим. Шунингдек, Сергей Есенин шеърларидан иборат «Дилда ишқнинг марварид гули» номли китоб шоир Зикрилла Неъмат таржимасида чоп этилди.
– Таржима оғир санъат, – дейди таржимон ва адабиётшунос Адҳамбек Алимбеков. –Аввало, асарни танлаб таржима қилмоқ керак. Яхши таржималар тарғиби билан алоҳида шуғулланиш зарур. Тарғиб қилишнинг балки янгича йўлини топишимиз керак. Таржима кенгашининг фаолиятини ҳам қайтадан таҳлил қилишимиз керак. Тез-тез йиғилиб туришимиз, мутахассисларни жалб қилишимиз лозим. Бу галги йиғилишларда кино фильмлар таржимасини ҳам таҳлил қилишни тавсия қиламан.
Ҳисобот йиғилишида филология фанлари доктори Зуҳриддин Исомиддинов таржимачиликка оид йиллик чиқишлар, таржимон Бегойим Холбекова ўзбек адабиёти намуналарининг жаҳон тилларига таржима қилиниши, шоир ва таржимон Ҳумоюн Акбар жаҳон шеъриятидан ўзбек тилига қилинган таржималар ҳақида маърузалар қилди. Танқидий, таҳлилий фикрлар билдирилди.
Ҳисобот йиғилишида, шунингдек, ўзбек таржимашунослигининг долзарб масалалари, кенгашнинг 2021 йил фаолиятига оид режалари муҳокама қилинди, фикр-мулоҳазалар ўртага ташланди.
Д. Маматова, ЎзА