Арнасойда чорвачилик ривожланади
Жиззах вилоятининг Арнасой туманида чорвачиликни ривожлантириш учун ем-хашак таъминотини мустаҳкамлашга эътибор қаратилмоқда.
Туман ҳокимининг наслчилик билан шуғулланаётган ва бу йўналишда илк қадамларини қўяётган хонадонларга ташрифи давомида аҳоли билан юзма-юз мулоқотларда чорва молларини асраш, парваришлаш шароитларини яхшилаш, насл сифатини ошириш ва озуқа захирасини ўз вақтида шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.

Зеро, чорвадан мўл ҳосил олиш учун унинг наслдорлиги билан бир қаторда, озиқлантириш тартиби ва сақлаш шароити ҳам муҳим. Қиш-қировли кунларнинг ғамини ёздан ейиш, ем-хашакни олдиндан жамғариш, мавжуд имкониятларни тўғри ҳисоб-китоб билан ишлатиш чорвачиликда барқарор натижанинг муҳим шартларидир. Бугунги оқилона ёндашув эртанги кун маҳсулдорлигини белгилайди.
Айниқса, имтиёзли кредитлар ҳисобига чорвачилик фаолиятини бошлаётган хонадонлар учун бу йўналиш янги имкониятлар эшигини очмоқда. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, сут ва гўшт етиштиришни кўпайтириш орқали рўзғор даромадини ошириш мумкин. Энг муҳими, тўғри ташкил этилган меҳнат хонадонда узлуксиз даромад манбаини шакллантиришга хизмат қилади.

Учрашувларда мавжуд муаммоларни аниқлаш, озуқа таъминотини самарали йўлга қўйиш ва берилган имкониятлардан мақсадли фойдаланиш зарурлигига ҳам урғу берилди. Чунки ҳар бир хонадонда бошланган хайрли ишнинг самараси нафақат бир оила, балки бутун туман тараққиётида ҳам намоён бўлади.
Арнасойда чорвачиликни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар изчил давом этса, наслдор моллар сони ва маҳсулдорликни ошириш, аҳоли фаровонлигини мустаҳкамлаш учун янада кенг имкониятлар яратилади.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири