Ҳар лаҳзада бахтиёрлик ҳисси бор
Юртимиз кундан-кунга чирой очмоқда.
Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!
Юртимиз кундан-кунга чирой очмоқда. Ҳар ёнда ободлик, фаровонлик шукуҳи кезиб юрибди. Бу ўзгаришлардан ҳамюртларимиз кўзида қувонч, шукроналик туйғуси сезилади. Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги байрами арафасида одамларимиз қалби янада қувончга тўлган.
Шу улуғ байрам арафасида Тошкент меҳмонлар билан янада гавжум, серфайз шаҳарга айланган. ЎзА мухбири пойтахтимиз меҳмонларининг бугунги ислоҳотларимиз ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.
Ижобат ИСАЕВА, пенсионер (Тошкент вилояти Қибрай тумани):
– Замон шиддат билан тараққий этиб бораяпти. Унга тенглашиш, замондошлар билан бир қаторда бўлиш кишидан тинимсиз ҳаракат, изланишни талаб қилади. Мамлакатимизда зўр имкониятлар даври бошланди. Устимиз бут, қорнимиз тўқ, эркимиз қўлимизда, ҳаётимиз кундан-кун фаровон бўлмоқда. Шукр қиламиз, албатта.
Мустақиллик бизга орзу қилишни, ҳавас билан яшашни ўргатди. Бугун ҳар биримиз муносиб ҳаёт кечираяпмиз. Обод юрт фуқароси сифатида бахтли яшар эканмиз, жамиятимиз ҳам юксала боради.
Набираларим билан тез-тез Тошкентга келиб турамиз. Боғу хиёбонларни, бозорларни айланамиз. Янги қурилишларни кўриб, қувонамиз. Бу ишлар мамлакатимиз миқёсида ҳам амалга оширилаётгани эса бир қувончимизга минг қувонч қўшади.
Қибрайда ҳам янги гузарлар, истироҳат боғлари, сайилгоҳлар барпо этилмоқда. Биз Хўжақўрғон қишлоғида яшаймиз. Одамларимиз онги ўзгариб бормоқда. Яхши яшаш учун интилиш кучайган. Серфайз, янги уйларда барча шароит бор.
Турмуш ўртоғим билан тўрт фарзандимизни уйли-жойли қилдик, ўқитдик. Бугун мустақиллигимизга шукрона айтиб, тинч ва осойишта замонда фарзандларимиз ҳаққига дуо қилиб, набираларни ўқимишли қилиб тарбиялаяпмиз. Шунинг ўзи катта бахт.
Илоҳим, Президентимиз бошлаган эзгу ишлар бардавом бўлсин. Ниятларимизга етайлик.
Муқимжон НУРБУВАЕВ, тадбиркор (Андижон вилояти Марҳамат тумани):
– Бугун одамларнинг дунёқараши ўзгарди. Ҳаммамиз хурсандмиз. Мамлакатимизда бўлаётган бунёдкорлик ишлари таҳсинга лойиқ. Бу жараёндан ҳеч биримиз четда эмасмиз, ҳеч ким беэътибор ҳам қолмаяпти. Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбари олиб бораётган одилона сиёсат, миллатимиз, халқимизнинг янада яхши яшаши учун қилинаётган ишлар инсонга ўзини бахтли ҳис қилиш туйғусини бермоқда.
Маҳалламизда ҳам одамлар яшаш тарзи ўзгарган. Китоб мутолаасига қизиқиш ортмоқда, китобхонлик маданияти шаклланмоқда. Болаларимиз замонавий мактабларда ўқимоқда. Уларнинг инглиз, рус тилларида ҳам равон гапиришини кўриб ҳавас қиласан киши.
Бозорларимиз қишин-ёзин сархил мевалар билан тўла. Деҳқонларимиз жавлон уриб меҳнат қилмоқда. Тадбиркорларимиз бизнесни дўндириб, элга нафи тегаётир.
Бундай юртга фақат тўйлар, байрамлар ярашади. Шоирона айтганда, Ватанимизни борича севайлик, қадрлайлик. Кўзимиз қароғида, қалбимиз ардоғида асрайлик.