АҚШнинг афсонавий тўпчи самолёти ҳалокатга учради
АҚШ ҳарбий ҳаво кучларига қарашли “B-52 Stratofortress” русумли стратегик тўпчи самолёт Калифорния штатидаги ҳарбий база ҳудудига қулади. Ҳодиса маҳаллий вақт билан соат 11:20 атрофида, самолёт парвоз бошлаганидан кўп ўтмай содир бўлган. Қутқарув хизмати зудлик билан воқеа жойига йўналтирилган. Ҳозирча қурбонлар ёки жабрланганлар ҳақида расмий маълумот берилмаган.
Қулаган ҳаво кемаси мамлакат армияси таркибидаги энг машҳур, узоқ вақт хизмат қилган учоқ эди. Одатда узоқ масофага учиб, йирик ҳарбий нишонга зарба бериш учун мўлжалланган бундай ҳаво кемасини беш нафар экипаж аъзоси бошқаради. Ҳалокат сабаби ҳозирча аниқланмаган.
Ҳодиса юз берган, энг нуфузли синов марказларидан бири сифатида танилган Калифорниядаги “Edwards Air Force Base” ҳарбий базасида АҚШ авиацияси тарихида муҳим ўрин тутади. Айнан шу мажмуада 1947 йил Чак Егер тарихда биринчи бўлиб товушдан тез парвоз қилган эди.
Ушбу фалокат Америка ҳарбий авиацияси билан боғлиқ хавфсизлик масаласини яна муҳокама марказига олиб чиқди. Ўтган йил ҳам B-52 самолёти билан боғлиқ хавфли ҳолат қайд этилган: ҳарбий самолёт фуқаролик авиа лайнери йўлига чиқиб қолгач, йўловчи самолёти тўқнашувнинг олдини олиш учун кескин манёвр қилишга мажбур бўлган. Бу галги ҳодиса юзасидан тергов бошланган.
Мусулмон Зиё, ЎзА