АҚШ ва Европа урушни тугатиш режасини тайёрламоқда
АҚШ ва Европа урушни тугатиш режасини тайёрлаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳужжатда фронтни музлатиш ва Украина учун хавфсизлик кафолати кўзда тутилган.
АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Зеленскийга қарши чиқиши янада муҳимроқ воқеага соя солмоқда. Бу АҚШ ва Европа Украина ва Россия учун молиявий имтиёз ҳамда хавфсизлик кафолатини таъминлайдиган қўшма тинчлик таклифини ишлаб чиқишга ўтаётгани, дейилган хабарда.
“The Washington Post” шарҳловчиси Дэвид Игнатиус айни мавзуга оид мақоласида тўрт асосий бандни келтирган. Биринчи масала – Украинани қайта тиклаш мақсадида Жаҳон банки ва “Black Rock” вайрон бўлган ҳудудларни қайта тиклашни молиялаштириш, қурбонлар ва яраланган аскарлар оилаларини қўллаб-қувватлаш учун иқтисодий тикланиш механизмини ишлаб чиқмоқчи.
Иккинчи банд асосида Хавфсизлик кафолати, жумладан АҚШ ва Европа мамлакатлари НАТО Низоми 5-моддаси асосида яна Россиядан ҳужум бўлган тақдирда Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишга ваъда берилмоқда.

Учинчи банд иқтисодий интеграцияга тегишли. Хусусан, Россия, Украина ва Европа ўртасида энергетика шартномаси таклиф қилинмоқда. Фойда Киев ва Москва ўртасида тақсимланган ҳолда Россия нефть ва газини Европага етказиб берадиган қувур тизими. Қолаверса, РФга қарши санкцияни бекор қилиш шарти ҳам белгиланган.
Сўнгги шарт жабҳани музлатишдир. Россия Донбасснинг бир қисмини ўз ичига олган босиб олинган ҳудудлар устидан назоратни сақлаб қолган ҳолда, ҳозирги алоқа чизиғи бўйлаб сулҳга рози бўлиши керак.
Барибир, келишув истиқболи ҳамон ноаниқ. Муаллиф суҳбатлашган европалик дипломат фикрича, Путин шунчаки сулҳ эмас, балки ғалабани истаяпти.
Ўз навбатида Украина ҳам АҚШга келгуси учрашув бўйича таклиф тақдим этилганини айтди.

– Украина Россия билан урушини тугатишга қаратилган кейинги учрашувлар бўйича АҚШга таклиф тақдим этди ва музокарага тайёрмиз, дея баёнот берди Украина Президенти Владимир Зеленский.
– Яқин кунларда учрашишга тайёрмиз, бу таклифни жамоа орқали Стив Уиткофф ва Жаред Кушнерга етказдим, – дея қўшимча қилди у. – Украина ҳар доим конструктив ёндашувга эга ва позициямиз мутлақо аниқ: Украина халқи мустақиллигини ҳимоя қилиш.
Бундан ташқари Украина раҳбари шу ҳафта Европадаги ҳамкорлардан янги қўллаб-қувватлаш пакети кутилаётганини ҳам эълон қилди:
– Бизга ёрдам бера оладиган ва ҳар доим самарали ҳаракат қиладиган барча ҳамкорларимиз билан алоқадамиз. Бугун Дания ва Литва Бош вазирлари билан гаплашдим. Эртага Буюк Британияда муҳим музокара бўлиб ўтади. Шу ҳафта ЕИ билан ҳам музокара олиб борамиз. Украина қўллаб-қувватланади ва биз ЕИга қўшилиш бўйича музокарада ҳам натижага эришяпмиз.
С.Раҳимов, ЎзА