АҚШ ва Эрон вақтинча сулҳ муддатини узайтириши мумкин
АҚШ ва Эрон муддати тугаётган сулҳни икки ҳафтага узайтириш масаласини муҳокама қилмоқда. Бу қадам тинчлик музокарасини давом эттириш, минтақавий кескинликни юмшатиш учун муҳим. Мураккаб муаммолар эса ҳамон сақланиб қолмоқда.
“Bloomberg” агентлиги хабарига кўра, 21 апрель куни муддати тугайдиган битимни яна икки ҳафтага узайтириш имконияти кўриб чиқиляпти. Бундан кўзланган асосий мақсад тинчлик келишуви бўйича музокарани давом эттириш учун қўшимча вақт йиғиш. Ҳозир халқаро воситачилар томонлар ўртасидаги энг баҳсли мавзулар, хусусан Ҳурмуз бўғозида кема қатновини тиклаш, Эроннинг уранни бойитиш дастурига оид техник музокара ташкил этишга уринмоқда.
Маълум бўлишича, ҳар икки давлат ҳарбий ҳаракат қайта бошланишига қарши, бироқ муҳим масалаларда ҳамон жиддий келишмовчилик мавжуд. Масалан, Вашингтон Теҳрондан уран бойитилишини 20 йилга тўхтатишни талаб қиляпти. Ислом Республикаси эса бу муддатни 5 йил билан чеклаш ниятида. Шунингдек, дунё миқёсида ташиладиган нефтнинг бешдан бири ўтадиган Ҳурмуз бўғозидаги хавфсизлик масаласи ҳам диққат марказида турибди. Ҳозирча АҚШ расмийлари сулҳни узайтиришга батамом рози эканини тасдиқламаган, Эрон эса вазиятга изоҳ бермаган.
Эслатиб ўтамиз, томонлар 8 апрелдан бошлаб икки ҳафталик ўт очишни тўхтатган. Исломободда ўтган аввалги мулоқотда узил-кесил келишувга эришилмади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА