АҚШ Польшадаги базасига 15 000 аскар жойлаштиради
Польша мудофаа вазири ўринбосари айтишича, Вашингтон 15 000 аскарини мамлакатдаги доимий базага жойлаштириш имкониятини ўрганяпти.
– Америкаликлар кейинги икки-уч ой ичида Европа бўйлаб жойлашувни кучайтириш имкониятини ўрганади, – деган у. – Доимий база юзасидан қарор қабул қилиниши ва биз бу ҳақда билиб олишимизга аминман. Охир-оқибат юртимизда 15 000 америкалик аскар жойлашади. Америка қўшини учун қўналға яратиш қиймати 4 миллиард доллардан ошади. Ҳозир мамлакатда 6500-7500 америкалик аскар бор.
Аввалроқ АҚШ Президенти Европанинг ушбу давлатида Америка армияси базаси ташкил этиш бўйича сезиларли натижага эришилганини айтган эди.
– Дўстим – Президент Карол Навроцкийнинг жасур раҳбарлиги туфайли Польшада АҚШ ҳарбий мажмуасини шакллантириш борасида дадил қадамлар қўйилди, – деб ёзганди у ижтимоий тармоқ саҳифасида.
Таъкидланишича, агар лойиҳа амалга ошса, жойлашув тафсилоти “жуда тез орада” эълон қилинади. Трамп бу қарорни Вашингтон – Варшава иттифоқи учун “тарихий воқеа” деб атаган.
С.Раҳимов, ЎзА