АҚШ Исроилга ҳарбий ёрдамни тўхтатади(ми)?
Оқ уй раҳбари Дональд Трамп 2027 йилдан бошлаб Исроилга ҳар йили ажратиладиган қарийб 4 миллиард долларлик ҳарбий ёрдамни тўхтатиш режасини маълум қилди.
Қўшма Штатлар етакчиси мазкур қарорни Исроилга ёрдам ажратилишига қарши чиқаётган сиёсатчилар танқиди билан изоҳлаган. Унинг айтишича, Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху бу масалани бир неча йилдан буён муҳокама қилиб келган.
Ҳозирги келишув 2016 йилда Барак Обама президентлиги даврида имзоланган бўлиб, 2028 йилгача 10 йил давомида 38 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатишни назарда тутади.
Бу баёнот Форс кўрфазидаги кескинлик яна кучайган пайтга тўғри келди. Америка ҳарбийлари Ҳурмуз бўғозида “Зенит” ракеталари билан ҳаракатланаётган Эрон нишонларига қарши мудофаа зарбалари берган.
Эрон давлат телевидениеси Қешм оролида портлашлар юз берганини хабар қилди. Ислом Республикаси парламенти спикери ва музокаралардаги бош вакил Муҳаммад Боқир Қолибоф эса Теҳрон Вашингтонга “қатъий ва оқилона жавоб” қайтарганини билдириб, янги низонинг олдини олиш энди АҚШга боғлиқлигини айтди.
Мусулмон Зиё, ЎзА