АҚШ Эрон ҳарбий объектларига ҳаводан зарба берди
Ҳурмуз бўғози яқинидаги ҳодиса АҚШ ва Эрон ўртасидаги кескинликни яна авж олдирди. Америка томони Эроннинг бир қатор ҳарбий объектларига зарба берганини тасдиқлади. Вазият қайси томонга ўзгариши мумкин?
АҚШ ва Эрон ўртасидаги сиёсий ва ҳарбий кескинлик янги босқичга кўтарилди. АҚШ маъмурияти Ҳурмуз бўғози яқинида “AH-64 Apache” вертолёти билан боғлиқ кўнгилсиз ҳодиса юз бергандан сўнг Эрон ҳудудидаги бир неча ҳарбий объектга ҳаводан зарба берилганини маълум қилди. Бу ҳақда “Reuters” ахборот агентлиги хабар тарқатди.
Президент Дональд Трамп ушбу ҳарбий амалиётни Америка томони кўрган йўқотишга қонуний жавоб, деб атади. Унинг таъкидлашича, Вашингтон ўз ҳарбийларига нисбатан қилинган ҳеч бир ҳужумни жавобсиз қолдирмайди.
Маълумотга кўра, Пентагон зарбаси асосан Эроннинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими, дронни бошқариш инфратузилмаси ва ҳарбий радар станцияларини йўқ қилишга қаратилган.
Асосий нишонлар Ҳурмуз бўғози атрофидаги стратегик нуқталарда жойлашган. Эрон оммавий ахборот воситалари ҳам мамлакат жанубида портлашлар содир бўлганини тасдиқлади. Ташқи ишлар вазири Аббос Арағчий АҚШ ҳаракатини кескин қоралади ва Теҳрон сукут сақлаб турмаслигини билдирди.
Мулозим ижтимоий тармоқдаги баёнотида Ислом Республикаси Қуролли кучлари мамлакат суверенитети ва хавфсизлигига таҳдид соладиган ҳар қандай ҳужумга муносиб ҳамда қатъий жавоб қайтаришга тайёрлигини таъкидлади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА