Ангренда хусусий клиника текширилмоқда
Ижтимоий тармоқларда Ангрендаги шифохонада 20 ёшли йигит “проба”сиз укол қилингани сабабли 45 кундан буён комада қолаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Хабарларга кўра, бемор Қувончбек Муродов шамоллаш белгилари билан шу йилнинг 31 июль куни Ангрен шаҳридаги “Angren medical center” хусусий клиникасига мурожаат билан борган ҳамда клиникада “проба”сиз томирига томчи дори юборилиши ортидан соғлиги ёмонлашиб ҳушини йўқотган. Айни дамда бемор Ангрен шаҳар шифохонасида оғир аҳволда.
Ангрен шаҳридаги хусусий тиббиёт муассасасида тиббий ёрдам кўрсатилганидан сўнг фуқаронинг соғлиғи оғирлашгани ҳақидаги ушбу хабарларга билдирилган расмий муносабатда мазкур ҳолат Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан назоратга олингани таъкидланган.
Ҳолатни ҳар томонлама ва холис ўрганиш мақсадида бошқарма томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, хизмат текшируви тайинланган.
Шунингдек, текширув жараёнида беморга кўрсатилган тиббий ёрдам сифати, даволаш жараёни ва ҳолатнинг келиб чиқиш сабаблари тегишли мутахассислар иштирокида ўрганилиши, текширув натижалари асосида ҳолатга ҳуқуқий ва тиббий жиҳатдан баҳо берилиши ҳамда қўшимча маълумот тақдим этилиши айтилган.
ЎзА