Андреас Баумгартнер: Инвестиция жалб қилишда ишонч, шаффофлик ва барқарорлик ҳал қилувчи аҳамиятга эга (+видео)
Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгаши 59-йиллик йиғилиши доирасидаги тадбирларда инвесторлар, таҳлил марказлари ва молия институтлари вакиллари иштирок этмоқда. Нуфузли халқаро анжуман қатнашчилари долзарб масалалар юзасидан фикр алмашмоқда.
Лондондаги “Metis” институти ҳаммуассиси, иқтисодий ривожланиш бўйича эксперт доктор Андреас Баумгартнер ЎзА мухбирига интервью берди:
– Ўзбекистонга аввал бир неча бор сайёҳ сифатида келганман. Бу гал бизнес делегацияси таркибидан ўрин олдим. Бу мамлакатда ҳар қандай миссиякишига чексиз завқ беради.
Бугун мен иштирок этган йиғилиш жуда қизиқарли кечди. Айниқса, инвестиция муҳити, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш мавзулари бўйича муҳокамалар эътиборимни тортди. Мулоқот давомида “ишонч”, “шаффофлик” каби тушунчалар кўп тилга олинди.
Аслида, сармоя жалб қилиш асосида айнан шу омиллар ётади. Қайси шаклда бўлишидан қатъи назар, молиявий марказ, махсус иқтисодий зона ёки бутун бошли мамлакат – инвесторлар учун энг муҳими ишончли ва барқарор муҳит яратиш. Шу жиҳатдан қараганда, асосий хулоса ҳам очиқликни тақозо этади.
Бундай ташаббусларни амалиётга татбиқ этишда энг муҳим жиҳат – сифатдан воз кечмаслик. Баъзан яхши ғоя вақт ўтиши билан соддалашиб, асл мазмунини йўқотади. Қисқа муддатли енгил ечим эса келгусида ортиқча харажат келтириб чиқариши мумкин. Шу боис барқарор ва пухта ёндашув муҳим аҳамиятга эга.
Умуман, Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этаётганимдан мамнунман. Жуда кўп иштирокчиларда ишни тўғри йўлга қўйиш, янгиликка интилиш кучли.
Ўзбекистондаги ўзгаришларни кўриш учун атрофга назар ташлашнинг ўзи кифоя. Самарқанд, Тошкент ва бошқа шаҳарлардаги янгиликлар, умумий ривожланиш суръати ва энг муҳими, одамлардаги ишонч яққол сезилади. Бундай муҳитда ишлаш ёқимли. Президент раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар йўналиши тўғри танланган, деб ҳисоблайман. Энг муҳими танланган йўлдан оғишмаслик.
Юртингиз ўз олдига қўйган мақсадларга эришиш учун барча имкониятларга эга ва бу жараёнда улкан ютуқларни қўлга киритиши шубҳасиз.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/pzeAxJ1sHeo" title="Andreas Baumgartner: Investitsiya jalb qilishda ishonch, shaffoflik va barqarorlik ahamiyatga ega" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Мусулмон Зиё, Дилшод Ҳакимов,
Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА