Андижонликлар миллий терма жамоамизни қўллаб-қувватламоқда
Шу кунларда дунё футбол мухлисларининг нигоҳи АҚШ, Мексика ва Канада футбол майдонларига қаратилган. Ана шу мамлакатларда миллионлар ўйини ҳисобланган футбол бўйича тўрт йилда бир марта ўтказиладиган жаҳон чемпионати мусобақаси бўлиб ўтмоқда.
Жорий йилда XXIII бор ўтказилаётган жаҳон чемпионати Ўзбекистон учун тарихий чемпионат сифатида муҳрланади. Чунки мамлакатимиз терма жамоаси жаҳон мундиалида илк бор иштирок этмоқда. Мана шундай тарихий онларни халқимиз Ўзбекистон халқаро футбол майдонларида мустақил миллий терма жамоа сифатида иштирок эта бошлагандан буён 35 йил кутди.
Ниҳоят ана шу қувончли, ҳаяжонли онлар етиб келди. Бугун мамлакатимиз миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатидаги илк учрашувини Колумбия терма жамоасига қарши ўтказмоқда.


Мехикодаги “Ацтека” стадионида бўлиб ўтаётган ушбу учрашувни бутун халқимиз қатори минглаб андижонликлар ҳам аҳоли гавжум бўладиган масканлар – маданият ва истироҳат боғлари, стадионлар, маҳалла гузарлари ҳамда кўнгилочар масканларда ўрнатилган улкан телеэкранлар орқали катта қизиқиш ва ҳаяжон билан томоша қилмоқда, “Бир байроқ, бир жамоа, бир мақсад!” шиори остида миллий терма жамоамизни қўллаб-қувватламоқда.
Андижон вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан Андижондаги энг йирик томоша майдони “Бобур-арена” стадиони ҳудудида ташкил этилди. Бу ерда 10 минг нафардан зиёд мухлислар ўйинни томоша қилиб, миллий терма жамоамизни биргаликда қўллаб-қувватламоқда.


Бундан ташқари, Андижон шаҳридаги “Наврўз Mall” савдо кўнгилочар мажмуаси, қатор маҳалла гузарлари, корхона, ташкилот ва муассасалар олдига ўрнатилган катта экранлар орқали ўйинни минглаб футбол мухлислари томоша қилмоқда.


Шунингдек, Хонобод шаҳридаги “Ўзбегим” савдо маркази, Алишер Навоий номли истироҳат боғи, Асака туманидаги “Хиёбон” майдони, Балиқчи туманидаги ARA кафеси, Жалақудуқ туманидаги “Палма” кафеси, Олтинкўл туманидаги “Олтин соҳил” хиёбони, Марҳамат туманидаги “Логистика ўқув маркази”, Хўжаобод туманидаги “Оққуш” дам олиш маскани, “Элво” кафеси, Шаҳрихон туманидаги “Марказий байроқ” майдони ҳудудлари ҳамда Андижон, Бўстон, Булоқбоши, Избоскан, Пахтаобод, Улуғнор, Қўрғонтепа туманлари марказий маданият ва истироҳат боғларига ўрнатилган улкан экранлар орқали минглаб андижонликлар ўйинни уюшган ҳолда томоша қилиб, миллий терма жамоамизни қўллаб-қувватламоқда.

“Бир байроқ, бир жамоа, бир мақсад!” йўлида жипслашган бутун Ўзбекистон футболчиларимизга омад ва ғалаба тилайди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат)
ЎзА мухбирлари