Андижонлик олималар АҚШда малака оширмоқда
Андижон давлат университетида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўқитиш, таълим ва илмий-тадқиқотлар сифатини ошириш, профессор-ўқитувчиларнинг касбий ва илмий салоҳиятини ривожлантириш ҳамда илғор хорижий тажрибани таълим жараёнига татбиқ этиш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
Ана шу йўналишдаги ишларнинг амалий ифодаси сифатида университетнинг тилшунослик кафедраси профессорлари Дилфуза Нурмонова ва Дилдора Набиева академик мобиллик дастури доирасида Америка Қўшма Штатларининг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири – Лихай университетида “Тилларни ўқитиш методологияси” дастури асосида малака оширмоқда.
Дастур доирасида олималар замонавий таълим методикалари, инновацион педагогик ёндашувлар ва илғор хорижий тажрибаларни ўзлаштириб, касбий ҳамда илмий салоҳиятини янада ривожлантирмоқда.


Шунингдек, улар Лихай университети профессор-ўқитувчилари ва талабаларига ўзбек тилининг ўзига хос хусусиятлари, лингвистик бойлиги ҳамда миллий-маданий жиҳатларини ёритувчи машғулотлар ўтказади. Бу эса ўзбек тилини халқаро академик муҳитда тарғиб этиш, миллий тилимиз ва маданиятимизга бўлган қизиқишни ошириш ҳамда маданиятлараро мулоқотни ривожлантиришга хизмат қилади.

Мазкур халқаро малака ошириш дастури Андижон давлат университетининг халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, таълим сифатини янада такомиллаштириш ва илғор хорижий тажрибани ўқув жараёнига жорий этиш ҳамда халқаро майдонда тилимиз нуфузини ошириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлади.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири