Андижонда қарийб 2,5 кг. “гашиш” моддаси мусодара қилинди
Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бўйича бошқармаси, Ички ишлар ҳамда Божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида Асака туманида ўтказилган тезкор тадбирда “Ласетти” русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, кўздан кечирилди.
Текширув жараёнида автомашинада бўлган Наманган ва Марғилон шаҳарларида яшовчи, 1970, 1981 ва 1984 й.т. 3 нафар фуқарога тегишли 2 кг. “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, ҳолат процессуал тартибда расмийлаштирилди.
Шунингдек, Марҳамат туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса Қува шаҳрида яшовчи, 1985 й.т. фуқаро бошқарувидаги “Кобальт” русумли автомашинадан 497 гр. “гашиш” моддаси ашёвий далил сифатида олинди.
Таъкидлаш лозим, бу турдаги гиёҳвандлик воситалари мамлакатимизга хориждан контрабанда йўли билан олиб келинади.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат бўйича оғуфурушларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.
Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ЎзА