“Андижон полкаси” –жаҳон саҳнасида
Андижон давлат педагогика институтида “Маданий мерос: педагогик-фалсафий, миллий ва умумбашарий қадриятлар уйғунлиги” мавзусида халқаро илмий семинар бўлиб ўтди.
Андижон давлат педагогика институти ташаббуси билан вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон давлат хореография академияси, Ҳиндистондаги Неру университети Марказий Осиё тиллари ва маданияти институти ҳамда юртимиз ва хориждаги қатор олий таълим муассасалари ҳамкорлигида ташкил этилган семинарда “Андижон полкаси” рақсини тарғиб этиш, халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш, илмий жиҳатдан ўрганиш, шунингдек, унинг тарихий, маданий ва эстетик аҳамияти масалалари муҳокама этилди.
Маълумки, “Андижон полкаси” номи билан машҳур рақс ўтган асрнинг йигирманчи йилларида таниқли мусиқачи, Ўзбекистон Халқ артисти Ориф (гармон) Тошматов томонидан яратилган.
Семинар очилишида сўз олган Андижон давлат педагогика институти ректори, тарих фанлари доктори, профессор Бахтиёр Расулов “Андижон полкаси” рақсини миллий маданий мерос сифатида асраб-авайлаш, уни замонавий илмий ёндашувлар асосида ўрганиш ва халқаро миқёсда тарғиб этиш долзарб вазифалардан бири эканлигини таъкидлади.
– Мазкур халқаро илмий семинардан кўзланган асосий мақсад, “Андижон полкаси”ни ЮНЕСКОнинг инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритиш бўйича илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқишдан иборат, – дейди институт ректори Б.Расулов. – Шу нуқтаи назардан, семинар давомида ушбу ноёб рақснинг келиб чиқиши, ривожланиш босқичлари, унинг миллий ўзликни ифодалашдаги ўрни ҳамда бошқа халқлар рақс санъати билан ўхшаш ва фарқли жиҳатлари, тарихий, маданий ва эстетик аҳамияти таҳлил этилди.
Семинарда Ҳиндистондаги Неру университети Марказий Осиё тиллари ва маданияти институти директори, профессор Ахлоқ Аҳан, Ўзбекистон давлат хореография академияси профессори, филология фанлари доктори Ҳулкарой Ҳамроева, шунингдек, Туркия, Швеция, Қозоғистон, Миср ва бошқа давлатлардан нуфузли олимлар иштирок этди. Улар томонидан миллий қадрият ва анъаналарни ривожлантириш, шунингдек, “Андижон полкаси” рақси турли илмий йўналишларда таҳлил этилди.
Хусусан, хорижий мутахассислар томонидан “Андижон полкаси”нинг халқаро маданий макондаги ўрни, унинг бошқа миллатлар рақс санъати билан уйғун жиҳатлари, этнографик хусусиятлари юзасидан илмий фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Бундан ташқари, семинарда Россия Федерациясининг Санкт-Петербург ҳуқуқшунослик ва суд-техник экспертизаси олий мактаби директори, юридик фанлар номзоди Дмитрий Мохоров, қатор хорижий олий таълим муассасалари мутахассислари ҳам ZOOM платформаси орқали миллий рақс санъати, жумладан, Андижон полкаси хусусидаги илмий қараш ва муносабатларини айтиб ўтди.
Шунингдек, семинарда иштирок этган Азиз Ражабий миллий мусиқа ва рақс меросининг тарихий илдизлари, “Андижон полкаси” куй ва оҳангларининг шаклланиши, ривожи ҳақидаги мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Семинар давомида ўқилган маърузалар ва илмий чиқишларда “Андижон полкаси”нинг педагогик аҳамияти, ёшлар тарбиясидаги ўрни, маданий дипломатия воситаси сифатидаги роли ҳамда у глобал миқёсда илмий тадқиқот объектига айланиб бораётганлиги қайд этилди.
Якунда иштирокчилар томонидан “Андижон полкаси”ни ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритиш бўйича илмий-амалий таклифлар илгари сурилди.
[gallery-29192]
Халқаро илмий семинар якунида ҳамкорлик ва дўстлик муносабатларини мустаҳкамлаш, турли давлатлар олий ўқув юртлари олимлари ўртасидаги илмий алоқаларни ривожлантириш борасидаги самарали фаолияти учун Андижон давлат педагогика институти ректори Бахтиёр Расулов Ҳиндистондаги Неру университети томонидан халқаро “Йил профессори” соврини билан тақдирланди.
Неру университети Марказий Осиё тиллари ва маданияти институти директори, профессор Ахлоқ Аҳан мукофотни тантанали равишда топшириб, ушбу мукофот профессор Б.Расуловнинг илм-фан ва таълим соҳасидаги самарали фаолияти, халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш, миллий-маданий мерос анъаналарини ўрганиш, халқаро майдонга олиб чиқиш борасидаги ишларга қўшаётган муносиб ҳиссасининг эътирофи эканлигини қайд этди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари.